Россия: Автобусдаги бомба портлашида 5 киши ҳалок бўлди

Image caption Волгограддаги автобусни аёл киши портлатгани тахмин қилинмоқда

Россия жанубидаги Волгоград шаҳри кўчасида тушдан кейин соат иккиларда кетаётган йўловчи автобуси кутилмаганда портлаб кетган.

Автобусдаги тахминан 40 нафар йўловчининг камида беш нафари ҳалок бўлган, ўндан зиёд киши жароҳат олган. Ярадорлар аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Портлаш кучидан автобуснинг барча ойналари чилпарчин бўлган.

Аввалига, газ канистри портлагани тахмин қилинганди. Аммо Россия мулозимларига кўра, портлашни худкуш ҳужумчи аёл амалга оширган бўлиши мумкин.

Ҳозир Волгограддаги барча йўловчи автобуслар маршрутдан чиқариб олинган ва портловчи моддалар қўйилмаганми, дея махсус текширувдан ўтказилмоқда.

Россия аксилтеррор мулозимларига кўра, террор, қотиллик ва ноқонуний қурол ишлатишга оид айбловлар билан жиноий иш очилган.

Бошқа хабарларга кўра, худкуш ҳужумчи аслида бир Исломий жангарининг жуфти бўлган. Аммо бу хабарлар ҳали тўла тасдиғини топгани йўқ.

2014 йилги Сочи қишки олимпиадаси олдидан Президент Путин Шимолий Қофқозда хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Чеченистонда узоқ йиллар давом этган нотинчлик ҳозир Ингушистон ва Доғистонга кўчган.

Бу мавзуда батафсилроқ