Эрон адлия вазири: дордан омон қолганни иккинчи марта осишга эҳтиёж йўқ

Image caption Маҳкум дорда 12 дақиқа осиғлиқ турган.

Эрон Адлия вазири Мустафо Пурмуҳаммадийнинг сўзларига кўра, дорга осилганидан кейин тирик қолган кишини иккинчи марта осиш керак эмас.

Бу ҳақда Эроннинг ISNA ахборот агентлиги хабар қилган.

Иккинчи бор қатлнинг Эроннинг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида айтган адлия вазири.

Ҳимоячилар дорга осиш шаклидаги ўлим жазоси ижро этилганидан кейин ўликхонада тирик топилган Алиризо М деб айтилаётган шахснинг қайта осилмаслигини Эрон адлия тизими раҳбаридан сўраб келмоқдалар.

Қатл ўтган ҳафта Эроннинг шимоли шарқидаги Божнорд шаҳрида амалга оширилган.

37 ёшли Алиризо М гиёҳванд моддани контрабанда қилишда айбдор деб топилган ва ўлим жазосига ҳукм этилган.

У дорга осилганидан кейин 12 дақиқа осиғлиқ турган.

Шундан кейин шифокорлар уни ўлди, деб эълон қилганлар ва жасади ўликхонага қўйилган.

Эртаси куни унинг жасадини олиб кетиш учун келган яқинлари маҳкумни тирик топганлар.

Инсон ҳақлари ташкилотларига кўра, шария қонунларига бўйсунувчи Эрон қотиллик, жинсий зўрлаш, жосуслик ва гиёҳванд моддаларни сотиш каби айбловлар учун ўлим жазосини қўллаш бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, Эронда 2013 йилнинг ўзида 508 одам ўлим жазосига ҳукм этилиб, қатл қилинган.

Уларнинг аксари гиёҳванд моддалар савдосида айбдор топилганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ