“Меркелни тинглаш Олмон расмийлари юзига тарсаки тортиш демакдир”

Олмон нашрлари Меркел хонимни ҳам айблаган
Image caption Олмон нашрлари Меркел хонимни ҳам айблаган

Оврўпа матбуоти АҚШ махсус хизматлари Олмония канцлери Ангела Меркелнинг қўл телефонини эшитгани ҳақидаги даъволарни “жиддий” ва “можароли” дея изоҳлаган.

Олмон нашрлари эса Меркел хонимни АҚШ жосуслик ҳаракатларидан олдинроқ шикоят қилмаганликда айблаб чиққан.

Ўз навбатида Америка матбуоти Вашингтон ва Оврўпа давлатлари ўртасидаги алоқаларда дарз кетишдан огоҳлантирган.

Катта адад билан чиқувчи Sueddeutsche Zeitung газетасининг веб саҳифасидаги сарлавҳа “Энг буюк таҳқир” дея номланади. “Меркелнинг қўл телефони унинг бошқарув марказидир”, дея бонг уради нашр. “Унинг мобил телефонига ҳужум, сиёсий қалбига ҳужум демакдир.”

Бироқ газета канцлерни миллий хавфсизлик агентлиги олмонларни оммавий равишда тингламоқда деган даъволар чиққан вақтда АҚШдан шикоят қилмаганликда танқид қилган.

Berliner Zeitung нашри ҳукумат нималар бўлаётганини энди тушуниб етганидан афсус билдирган. “Миллий хавфсизлик агентлигининг воқеаси энг қизиган ёз палласида ҳукуматдаги Христиан демократлар ва Эркин демократлар партиялари одамнинг ғазабини қўзғатар тарзда қизиқиш йўқлигини кўрсатишди,” – дейилади унда.

Олмониянинг энг кўп сотилувчи Bild кунлик нашри АҚШ махфий хизматларига нисбатан “жиддий шубҳа” ва “можаро” ҳақида ёзган. “Ҳукумат Миллий хавфсизлик агентлиги иши август ойида тугаганини расман маълум қилганди. Аммо у ҳозир икки карра куч билан қайтди,” – дейди нашр.

Die Welt Олмония ва АҚШ муносабатидаги жиддий босим давридан огоҳлантирган. Нашрга кўра АҚШ канцлернинг қўл телефонига даҳл қилиш орқали Меркел хоним ва Олмон расмийларининг юзига тарсаки тортгандек бўлган.

Der Spiegel ҳафталиги телефон тинглашдан келиб чиққан жиддий шубҳалар нафақат икки давлат ўртасидаги муносабатларга балки Обама ва Меркелнинг шахсий алоқаларига путур етказишидан хавотир билдирган.

Навбат Оврўпа Иттифоқигами?

Франциянинг Le Figaro кунлик нашри АҚШга нисбатан жиддий айбловлар ҳақида ёзган. Унинг таъкидлашича, Олмон ҳукуматининг муносабати АҚШга қаратилган огоҳлантирувчи сигнал ва Оврўпа Иттифоқи томонидан умумий ва кучли реакция берилишига чорлов бўлиши мумкин.

Италиянинг La Stampa нашри навбатдаги жавоб берувчи Оврўпа иттифоқи бўлишини тахмин қилган. “Президент Олланднинг баланд овозли норозилиги билан Мексика ва Франция воқеаларидан сўнг, навбат Олмонияга келди. Яқин орада Оврўпа иттифоқи ҳам товушини кўтариб қолса керак, ” – дейди.

Испаниянинг машҳур El Pais и Обама маъмурияти сукут сақлаш стратегиясини бошқа давом эттира олмаслигини айтган. Шахс ҳуқуқларини оммавий равишда бузилишини ошкор қилиш бунга тўсқинлик қилади.

New York Times Американинг асосий муносабатларига катта дарз кетаётганидан хавотир билдирган. “Агар АҚШ ростдан ҳам Меркел хонимнинг қўл телефонига даҳл қилган бўлса, Берлин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар жиддий бузилиши мумкин,” – дейилади мақолада.

Washington Post блоги Миллий хафвсизлик агентлигининг жосуслиги Оврўпа иттифоқи ва АҚШ ўртасида йирик қарама қаршиликни келтириб чиқариши мумкинлигини башорат қилади.

Wall Street Journal Берлиндаги шовқин Миллий хавфсизлик агентлиги билан боғлиқ можаро Вашингтоннинг хориждаги ҳамкорлари билан муносабатларга зарба беришда давом этишидан дарак эканига ишонади.