АҚШ: "Биз Ангела Меркел телефонини эшитмаганмиз"

  • 24 Октябр 2013
  • изоҳлар
Image copyright Reuters
Image caption Маркел хоним Обамадан ўзининг телефони кузатувлари ҳақида изоҳ беришни талаб қилган.

АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги Олмония канцлери Ангела Меркелнинг қўл телефонини эшитганлиги ҳақида пайдо бўлган хабарларни Оқ Уй рад этган.

Оқ Уй матбуот воизи Жей Карнининг айтишича, Миллий хавфсизлик хизмати ҳеч қачон бундай иш билан шуғулланмаган ва бундай ишга қўл урмайди.

Олмония канцлери Обамага қўнғироқ қилиб, унинг телефонидаги сўзлашувлар кузатилгани борасида изоҳ талаб қилган.

Маркел хоним ўзидаги маълумотларга асосланиб, бу мавзуни Обама билан тўғридан-тўғри муҳокама қилишни лозим топгани айтилади.

Айни пайтда Олмония ҳукумати канцлер телефонини эшитганлари ҳақида маълумотни қаердан олганларини ошкор этишмаяпти.

Бироқ Spiegel журналининг таъкидлашича, ўтказилган текширувлар шундай шубҳаларни туғдиради. Ва унга биноан Spiegel журналида Сноудендан бу борада олинган далиллар асосида бир неча мақола аллақачон тайёр.

Олмония ҳукумати матбуот воизи Штеффен Зайбертга кўра, канцлер Американинг "бу каби усулларни бутунлай қабул қилиб бўлмайди деб ҳисоблайди".

Меркел хоним бундай ҳаракатлар дўстлар ва ҳамкорлар ўртасидаги ишончга жиддий путур етказишини айтар экан, президент Обамадан Қўшма Штатларнинг Олмонияда амалга оширилган кузатувларининг миқёсини ойдинлаштиришга чақирган.

Олдинроқ, миллий жосуслик хизмати бошлиғи Франция матбуотида чиққан Америка хизматлари Франция ҳудудида телефон суҳбатларни эшитгани ҳақидаги хабар "ҳақиқатга тўғри келмасли"лигини урғулаганди.

Шунингдек жаноб Миллий разведка бошлиғи Жеймс Клеппер "Le Monde" газетида Эдвард Сноуден маълумотлари асосида чоп этилган мақолага муносабат билдирган.

Жей Карни Вашингтонда журналистлар билан учрашувда Оқ Уй Олмония, Франция ва бошқа иттифоқчиларидан тушган хабарлар текширилаётгани ва уларнинг хавотирларини тушунишини айтган.

"Президент канцлерга Қўшма Штатлар унинг телефонини эшитмаслигини ва бундан кейин ҳам кузатмаслигини таъкидлади", деган у.

АҚШнинг кўпгина иттифоқчилари ушбу хабарлардан сўнг Америка махсус хизматларининг ҳаракатини танқид остига олган эдилар.

Чоршанба кечқурун Оқ Уйда Бразилия Президенти Дилма Руссеф шарафига кечки овқат маросими ўтиши керак эди. Бироқ Руссеф хоним телефон кузатувлари ҳақидаги хабарлардан сўнг Америкага сафарини бекор қилди.

Душанба куни президент Обама франциялик ҳамкасби Франсуа Олландга ҳам америкаликлар миллионлаб французларнинг телефонларини эшитиши ҳақида хабарларни тушунтиришига тўғри келган.