Манчестер Сити футболчиси ирқчиликка қарши чора кўрилишини истайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Манчестер Сити сардори Яя Туре УЕФАни ирқчиликка қарши жиддий чора кўришга чақирмоқда.

Манчестер Сити ярим ҳимоячиси Яя Туре Москванинг ЦСКА жамоаси билан учрашувда ўзининг россиялик ишқибозлар томонидан ирқчилик нишонига айланганини айтган ва УЕФА ирқчиликка қарши чора кўриши лозимлигини таъкидлаган.

Москванинг "Арена Химки" ўйингоҳидаги учрашув Англия жамоаси фойдасига 2:1 ҳисобида якунланди.

Голларни ЦСКАдан Зоран Тошич, Манчестер Ситидан Серхио Агуэро уришган.

Ўйин давомида тўп Яя Турега узатилганда трибунадан ирқчилик маъносидаги қичқириқ янграйди.

Футболчининг сўзларига кўра, у трибунадан эшитилган ҳақоратлар ҳақида бош ҳакамни огоҳ қилган.

"Манчестер Сити" жамоаси энди УЕФАга расмий шикоят билан чиқиш ниятида.

Манчестер Сити футболчиси Яя Туре ўзининг Твиттердаги саҳифасида чемпионлар Лигасида юзага келган вазиятга фикр билдиради.

"Сизга қувватлаганингиз учун раҳмат!- дейди Яя ўз фолловерларига.- Кўролмаслик ва ирқчилик менга таъсир қилолмайди, чунки атрофдаги шунча одам сизга муҳаббати ва ҳурматини билдириб туради. Мен футбол ташкилотларига ишонаман ва ўйлайманки мулозимлар масъулиятни ўз зиммаларига олишади ва ирқчиликка қарши қизил карточка кўрсатишади", деб айтади Яя Туре.

Туре яна шундай ёзади:

«Бу жуда қайғули. Ирқчилик ҳақида гапирганингиз билан одамлар уни давом эттирар экан, жуда афсусланарли. Бунга ишониш қийин. Ўйлайманки УЕФА бунга жиддий ёндашади. Биз буни тўхтата олсак, жуда катта иш бўлар эди. Бунга чек қўйиш керак ва ниҳоят. Мен нафақат хафа бўлдим, балки ғазабга келдим. УЕФА бунга қарши чора кўриши шарт, чунки мен каби қора танли ўйинчилар ҳам шу каби ҳолатга тушадилар",- деб айтган Манчестер Сити сардори 30 ёшли Яя Туре.

"Ишқибозларнинг қичқириб айтган қўшиқлари ахмоқона бўлди. УЕФА бунинг устида ҳам ўйлаши керак. ЦСКАни қандай жазолаш мумкин? Тажрибалар кўрсатадики, жарималар кам таъсир қилади. Балки армиячилар томошабинларсиз ўйин ўтказишлари керакдир", деб фикр билдиради шунингдек у.

Ушбу ўйин натижасига кўра, ЦСКА гуруҳда учинчи ўринни эгаллади. Англия жамоаси эса олти очко билан Мюнхеннинг "Бавария"сидан олдинга ўтиб олди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption ЦСКАнинг бош тренери ва ўйинчилари эса ирқчилик сўзларини эшитмаганларини айтишмоқда.

"Жамоа сардори сифатида мен "Ирқчиликка йўл йўқ" деган ёзувли боғични боғлаб олган эдим. Ва мен жуда хафа бўлдим. Биз буни тўхтатишимиз лозим", дейди футболчи.

ЦСКАнинг бош тренери Леонид Слуцкий ўз навбатида ўйин давомида бундай сўзларни эшитмаганлигини айтмоқда.

ЦСКАнинг қора танли ўйинчиси Сейду Думбияга кўра, Яя Туре вазиятни бўрттиряпти.

Мухбирлар Туредан УЕФА қандай чора кўришини хоҳлашини сўрашганда, стадионда ўйин ўтказишни балки вақтинча тўхтатиш керакдир, деган фикрни билдиради.

УЕФА май ойида ирқчилик ҳодисалари учун жамоа вақтинча ёпиб қўйилиши, яна қайтарилса ўйингоҳнинг тўлиқ ёпилишини ёки 50 минг евро миқдорда жарима белгиланишини маълум қилган.

Бундан олдин ҳам Россия жамоалари билан ўйинда ирқчилик ҳолатлари кузатилган. Бразилиялик Роберто Карлос Анжи билан ўйинда шундай ҳужумга дуч келган. Шунингдек, Анжи ва Зенит ўйинида ҳам бундай ҳолат кузатилган.

Томошабинлардан бири Карлосга қарата тозаланган банан ташлаб юборган. Бу ҳодиса учун "Зенит" жамоаси 10 минг доллар жаримага тортилган эди.