Минглаб йўловчи кечиккан поезди учун темир йўл ширкатидан товон талаб қилмоқда

Image caption Темир йўл ширкатийўловчиларга товон пули учун 28 кун ичида ариза билан мурожаат қилишлари лозимлигини эслатган.

21 октябр, душанба куни поездлар ўз жадвали бўйича қатнамагани учун 8000 дан ортиқ йўловчи Southeastern(Жануби-шарқий) хусусий темир йўл ширкатидан товон пули тўлашини талаб қилиб ариза ёзган.

Одатда Британиядаги темир йўл ширкатлари таъмирлаш ёки рельсларни алмаштириш ишларини йўловчилар кам бўлган шанба-якшанба кунлари ёки мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилинган кунларда амалга оширади.

Сўнгги дам олиш кунлари ҳам Лондон марказини Кент графлиги билан боғлайдиган Лондон Бридж станциясига яқин йўлда таъмирлаш ишлари бошланган.

Созлаш ишларини душанба куни тонггача якунлаш режалаштирилган.

Бироқ бутун мамлакатдаги темир йўл тармоғи фаолиятини назорат қиладиган Network Rail ширкати эълон қилишича, "механик бузуқлик ва олдин ҳеч дуч келинмаган мушкуллик" ишни орқага чўзган.

Душанба куни эрталабдан ишга отланган кишилар станцияда поездлар жадвалдаги вақтидан кечикаётгани ёки рейс бекор қилингани ҳақидаги эълонларни эшитганлар.

Кент графлиги ва Шарқий Сассекс йўналишларида йўловчи ташиш билан шуғулланадиган Southeastern ширкати йўловчилардан қайта-қайта кечирим сўраган.

Кўплаб кишилар Лондондаги ишларига етиб олишлари, кечқурун эса уйга қайтгунча ҳам ҳар доимгидан кўп вақт сарфлаганлар.

Темир йўл ширкати жадвал ўзгаришлари 22 октябр, сешанба куни ҳам давом этганини, йўлнинг таъмирланаётган қисмини фақат чоршанба кунига келиб қайта очишга муваффақ бўлганини маълум қилган.

Network Rail ушбу ҳодиса юзасидан текширув бошлаганини хабар қилган.

Southeastern ширкати ноқулайлик туғдирган йўловчиларига товон пули тўлашини, бунинг учун 28 кун ичида ариза билан мурожаат қилишлари лозимлигини эслатган.

Ширкатдан айтишларича, товон пулининг миқдори чипта нархи ва кечикиш қанча вақт давом этганига қараб белгиланади.