Эрон: 'чегарадаги жангдан кейин 16 исёнчи осиб ўлдирилган'

Image caption Эрон чегарачиларига 25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси ҳужум уюштирилгани хабар қилинмоқда.

Эрон матбуоти хабар тарқатишича, жумадан-шанбага ўтар кечаси Эроннинг Покистон билан тоғли чегарадош Саравон ҳудудида қуроллиларнинг Эрон чегарачиларига пистирма уюштирганлари оқибатида камида 14 чегарачи ўлдирилган.

Шундан сўнг Эрон қамоқхонасида 16 исёнчи осиб ўлдирилгани хабар қилинмоқда.

Систон-Балужистон вилояти прокурорининг айтишича, қатл этилганлар "ҳокимиятга душман бўлган гуруҳга алоқадор бўлганлар".

Ўлим жазоларининг Саравонга яқин Зоҳидон шаҳридаги қамоқхонада ижро этилганини айтишган Эрон расмийлари.

Осиб ўлдирилган шахсларнинг чегарадаги қотилликларга алоқадорликда айбланганлари хабар қилинган.

Бироқ уларнинг 25 октябрдан-26 октябрга ўтар кечасида чегарачиларга ҳужум уюштирганларга алоқалари бўлган-бўлмаганлари номаълум.

Эрон оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, бу инсонлар аллақачон ўлим жазосига ҳукм этилган бўлганлар.

Чегарачиларга ҳужумдан кейин эса ўлим жазосини муддатидан олдин ижро этишга қарор қилинган.

Хабарларга кўра, 14 чегарачи ўлдирилганидан ташқари яна бир нечаси яраланган.

Эрон Афғонистондан Оврўпога гиёҳванд моддалар ноқонуний олиб ўтиладиган йўлида жойлашган.

Систон-Балужистон аҳолисининг аксарини сунний мусулмонлар ташкил этади ва улар Эроннинг шиа ҳокимияти томонидан таҳқирланишидан шикоят этиб келишади.

"Жундуллоҳ" номли қуролли гуруҳ охирги йилларда Эрон давлатига қарши қатор ҳужумларни содир этди.

"Франс Пресс" ахборот агентлигининг Эрон расмийларига иқтибосан маълум қилишича, гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтиш билан шуғулланадиган гуруҳлар билан жангларда охирги 30 йил ичида 4 мингдан зиёд полиция зобитлари ва аскарлар ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ