Гуржистон сайловларида Георгий Маргвелашвили энг кўп овоз тўплаган

27 октябр куни Гуржистонда ўтказилган президентлик сайловида Бош вазир Бидзина Иванишвилининг иттифоқчиси Георгий Маргвелашвили энг кўп овоз тўплаган.

Унинг асосий рақиби Давид Бакрадзе эса мағлубиятнии тан олган.

Сайлов натижалари зиддиятли сиёсатчи деб кўрилган Михаил Саакашвилининг 8 йиллик бошқарувига якун ясайди.

Жаноб Саакашвили икки марта, 2004 ва 2008 йиллардаги сайловларда ғалаба қозонган.

Гуржистон қонунларига биноан, Саакашвили учинчи бор номзодини қўйиши мумкин эмас.

Сайлов натижалари ва Тбилисидаги кайфиятларни Бибиси журналисти Тимур Кигурадзе кузатган.

Тимур Кигурадзе : Мамлакатда вазият осойишта. Ҳеч қандай фавқулоддалик кузатилмайди. Марказий сайлов комиссияисининг билдиришича, овозларнинг тўқсон тўққиз фоизи санаб бўлинган. Уларга биноан, Георгий Маргвелашвили мутлақ олдинда бораяпти. У олтмиш икки фоиздан кўпроқ овоз олган. Унинг рақиби, Михаил Саакашвилининг жамоасидан бўлган Давид Бакрадзе эса йигирма бир овоздан кўпроқ овоз олган. У ҳозирнинг ўзида мағлубиятини тан олди ва жаноб Маргвелашвилини ғалабаси билан табриклади.

Би-би-си: Маргвелашвилининг ғалабасини оддий гуржистонликлар қандай қабул қилишаяпти? Тбилиси кўчаларида кайфиятлар қандай?

Тимур Кигурадзе : Маргвелашвилининг ғалабасини унинг тарафдорлари кеча якшанба куни, кечки соат саккиздан кейин, сайлов ҳудудлари ёпилиши биланоқ қутлай бошладилар. Тбилиси кўчаларида байрам қилаётган машиналар кортежларини кўриш мумкин эди. "Гуржистон орзуси" партиясининг бош қароргоҳи олдида жаноб Маргелашвилининг тарафдорлари рақсларга тушишди. Ғалаба қозонган номзоднинг ўзи ҳам тарафдорлари қаршисида чиқиш қилди. Шунингдек, бош вазир Иванашвили ҳам чиқиш қилиб, ўз номзодларининг ғалабасига шубҳа қилмаганлигини айтди.

Би-би-си: Рақиб номзодларнинг тарафдорлари ғалабани қандай қарши олишмоқда?

Тимур Кигурадзе : Маргвелашвилининг асосий рақиби бўлмиш Давид Бакрадзе ҳали айтганимдек, уни ғалаба билан табриклади. Парламентдаги мухолифат раҳбари бўлган Нино Бурджанадзе эса, сайлов натижаларини тан олмаслигини айтиб чиқди. У маҳкамага мурожаат қилиши ва кўча намойишларини ҳам истисно қилмаслигини таъкидлади. Айни вақтда халқаро кузатувчилар Гуржистондаги сайловлар барча халқаро демократик андозаларга мувофиқ бир шаклда ўтганини эътироф этишди. Сайловларни кузатган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳатто " Гуржистон халқи якшанба куни ўтган сайловлардан фахрланиши керак" деган иборани ишлатди.

Би-би-си: Жаноб Маргвелашвилининг ғалабаси билан Гуржистоннинг ташқи сиёсатида бирон ўзгариш кутишимиз мумкинми?

Тимур Кигурадзе : Маргвелашвилининг ғалабаси Гуржистоннинг ташқи сиёсатини ўзгартирмаса керак. Чунки унинг "Гуржистон орзуси" партияси худди жаноб Саакашвили каби Оврўпо Иттифоқи ва НАТО билан интеграция тарафдори. гуржистон учун устивор мақсад Шимолий Атлантика Иттифоқига аъзолик бўлиб қолаверади. Шу билан бирга Россияга нисбатан оҳангнинг пасайиши ва Москва билан маданий ва иқтисодий алоқаларнинг қайтадан йўлга қўйилишини кутишимиз мумкин.

Би-би-си: Темур айтинг-чи, Михаил Саакашвилидан қандай мерос қолаяпти, гуржистонликлар уни келажакда қандай хотирлашади, деб ўйлайсиз?

Тимур Кигурадзе : Саакашвили шахсига нисбатан одамларда муносабат турлича. Ким учундир у мамлакат фаровонлиги йўлида хизмат қилган буюк ислоҳотчи, бошқалар эса уни мамлакатни яккаҳокимлик сари етаклаган ва кўплаб иқтисодий жиноятларни содир этган шахс деб кўрадилар. Шахсан Бош вазир Иванишвилининг ўзи Саакашвили президентликдан кетгач, унга нисбатан иш очилиши ва хатто унинг устидан махкама ўтказилиши мумкинлигини ҳам айтди. Ҳозирча бу ҳақда аниқ бир нарса айтиш қийин. Маълум бўлгани- жаноб Саакашвили президент қароргоҳини тарк этган ва ҳозирда ўзининг шахсий уйида яшамоқда. У ҳозирча ўзининг келажак режалари, жумладан, Гуржистонда қолиши ёки кетиши ҳақида ҳеч қандай баёнот берганича йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ