Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ким эди?

Минглаб мардумнинг ўлимига масъул кўрилган Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ҳаракатнинг энг қудратли қўмондонларидан бири эди.

Америка Федерол Қидирув идораси унинг боши учун 5 миллион доллар мукофот пули тикканди.

Айрим хабарларга кўра, Маҳсуднинг жасади Шимолий Вазиристонда дафн этилган.

Асли исми Зулфиқор бўлган, Ҳакимуллоҳ унинг тахаллуси эди. Ҳангу туманидаги қишлоқ мадрасаларидан бири таълим олган.

Ўша пайтда яна бир мадраса толиби Байтуллоҳ Маҳсуд эди, аммо кейинроқ у мактабни ташлаб кетганди.

Бироз вақт ўтиб, Ҳакимуллоҳ Маҳсуд жиҳодчи қавмдошлари сафига қўшилади. Аввалига ўзидан каттароқ жангарига тан қўриқчи, сўнг ёрдамчи бўлади.

Байтуллоҳ Маҳсуднинг Покистондаги толибларни бир гуруҳга жамлаш ғояси ёш ва талантли дўстига янги имкониятлар очганди.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд Хайбар қавм ҳудуди ва Пешоварда НАТО ҳарбий карвонларига қарши кампания ташкилотчиси бўлади. Кейин Толибоннинг Хайбар, Хуррам ва Ўракзайдаги қўмондони этиб тайинланганди.

2007 йил 300 нафар Покистон аскарини асирга олган пайти у 28 ёшда эди. Бунинг ортидан қатор мартабали Толибон жангариларини озод қилишга эришилган ва айни ҳодиса Ҳакимуллоҳнинг ўз сафдошлари орасида нуфузини ошириб юборганди.

2010 йил январида Байтуллоҳ Маҳсуд учун ўч олаётганини айтиб, Афғонистондаги Марказий Жосуслик Хизмати 7 нафар зобитини ўлдирган иорданиялик худкуш ҳужумчи билан ёнма-ён видеода пайдо бўлиши уни янада ёмонотлиқ қилганди.

2009 йил августида Америка дрон ҳужуми Байтуллоҳ Маҳсудни ҳалок этаркан, унинг ўрнини Ҳакимуллоҳ Маҳсуд эгаллаганди.

Қавм ҳудудларидаги қароргоҳидан Ҳакимиллоҳ Покистон шимоли-ғарбидаги 30дан ортиқ жангари гуруҳни назорат қилган.

Ҳакимиллоҳ Толибон орасида катта ҳурматга эга шахс бўлган. Қавм оқсоқоллари билан қарийб ҳар куни йиғин ўтказган, ҳужумлар қаерларда рўй беришини айтиб турган.

Уни бўй-басти келишган, аммо тажоввузкор шахс сифатида таърифлашарди. 2007-2008 йиллар Ҳакимуллоҳ Маҳсуд билан учрашган Би-би-си мухбирлари ҳам уни довюрак, шиддатли, ёқимли жилмайиб турувчи, аммо доим хатар таратувчи навқирон йигит сифатида эслашади.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд Толибон орасида жанг қилиш маҳорати, Калашников ва Тойотани моҳирона бошқара билиши билан шуҳрат қозонганди.

У ҳам Покистон Толибонининг ўзидан олдинги қўмондонлари Нек Муҳаммад ва Байтуллоҳ Маҳсуд каби фақат Афғонистон билан чегара ҳудудлар эмас, балки бутун Покистон бўйлаб Шариат қонунлари жорий этилмагунга қадар жанг қилишда давом этишини айтганди.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ҳеч қачон матбуотдан ўзини тортмаган. Ўтган ойгина Афғонистон яқинидаги қавм ҳудудидан Би-би-сига интервю берганди

Ўшанда хотиржамлик билан: "Қўрқманг, бир кун ҳаммамиз ўламиз", деганди.