"Қозоқ ўсмирлари орасида ўзини ўлдириш ҳоллари кескин ошган"

Image caption Бу йил авж олган суицид ҳоллари деярли бир ҳил русумда амалга оширилган

Қозоғистон расмийлари бу йил мамлакат ўсмирлари орасида юз берган ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг кескин ўсиши сабабларини тушунишга уринишмоқда. Евразиянет хабар агентлиги мақоласига кўра, парламент аъзоларидан бири бунга қозоқ маданиятига ёт ғарб маданий йўналишлари сабаб эканини айтган.

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси аъзоси Галина Баймаханова бу ҳафта ўсмирлар муаммолари ҳақида чиқиш қила туриб, "панк" ва "эмо" ҳаракатлари "бизнинг менталитетимизга ёт", деб айтди.

Унинг айтишича, "панк" ва "эмо" ҳаракатлари руҳий беқарор бўлган ўсмирларни нишонга олади, панклар ўсмирларни ғазабнок одамларга айлантиради, эмолар эса уларни руҳий тушкунлик ҳолатига тушириб, ўзини ўлдиришга ундайди.

Эмо ҳаракати панк йўналишидан ажралиб чиққан бўлиб, ўта эҳтиросли оҳанг ва шеърияти билан баъзи ёшларнинг кўнглига мос тушади. Бироқ, эмоларнинг ўзлари фақат қора кийим кийишлари ва оғриқли мавзулар ҳақида суҳбатлашишни афзал кўришлари уларнинг депрессияга ботганларини англатмаслигини айтадилар.

Мақола муаллифи Пол Бартлетнинг ёзишича, Қозоғистонда ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари юқоридир. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2011 йилги ҳисоботи, Қозоғистонни учинчи ўринга қўйган. 2008 йилда, масалан, ҳар 100 минг қозоғистонликдан 31.06 нафари ўз жонига қасд қилган.

Баймаханова хоним ўсмирлар орасидаги суицид ҳолларини тўхтатиш йўлида миллий дастур ишлаб чиқилишига чақирди ва Қозоғистон болалари ва ёшларининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш учун махсус омбудсман тайинланиши кераклигини айтди.

Май ойида Олма-отадаги 12 қаватли бинонинг тепасидан икки ўсмир ўзларини ташлаб ўлишлари Қозоғистонни ларзага келтирди. Уларнинг синфдошларига кўра, икковлон бирга жон беришни режалаганлар ва суицидни муҳокама қилувчи интернет форумларига аъзо бўлганлар.

Июнда эса мамлакат бўйлаб саккизта шундай ҳолат такрорланди. Улардан бири 17 ёшли олма-оталик қиз ўлимидан аввал ижтимоий мулоқот тармоқларида ўз жонига қасд қилиш ҳақида гапирган.

Сентбрда бир ҳафтанинг ичида Актау шаҳрида яшаган тўрт ўсмир бирин-кетин ўзларини деразалардан улоқтириб ҳалок бўлишди. Бу суицидлар тўлқинида жуфтлар қўл ушлаган ҳолда бирганликда сакраб жон беришлари русумга айланган.

Ўтган июнда чиқиш қилган Психоанализ институти директори Анна Кудиярова одамлар бошқалардан ўрнак олиб айвонлардан сакраб ўлаётганларини рад этди.

Лекин, у ҳам мактаб ўқувчилари орасида психологик ёрдам ва суицидни олдини олишга қаратилган чоралар олиб борилишига чақирди. Мактабларда ўз тенгдошлари томонидан сиқувга олиниш ва олий таълим олдидан яхши баҳоларни олиш бўйича босимлар юқори бўлиб қолаяпти.

Page not found - BBC O'zbek