Бразилия ва Олмония айғоқчилик борасида резолюция ишлаб чиқишди

Image caption АҚШ махфий агентликларига қарши айбловлар Обаманинг Бразилия ва Олмония раҳбарлари билан алоқаларига совуқлик киритди

Олмония ва Бразилия БМТ Бош ассамблеясини рақамли технологиялар замонида шахсий ҳаётни ҳимоя қилишга қаратилган резолюция лойиҳасини қабул қилишга чақирганлар.

Резолюция лойиҳаси айғоқчилик агентликлари томонидан одамларни керагидан ортиқ кузатишга чек қўйишга чақиради. Унга кўра, одамларнинг шахсий маълумотларини тўплаш уларнинг инсон ҳуқуқларининг бузилишидир.

Бразилия ва Олмония ҳукуматлари Эдвард Сноуден махфий маълумотларни фош қилиши ортидан Америка ҳукуматлар ва фуқаролар устидан нақадар кенг кўламда назорат олиб борганидан ғазабланганлар.

Фош этилган маълумотларга биноан, Америка махфий хизматлари Бразилия Президенти Дилма Русеф ва Олмония Канцлери Ангела Меркелнинг электроник мактублари ва телефон суҳбатларини кузатганлар.

Сиёсий таъсир

Ҳеч қандай мамлакатларни ажратиб кўрсатмаган бу лойиҳа Бош ассамблеянинг ижтимоий, инсонпарварлик ва маданий масалаларига бағишланган учинчи қўмитасида муҳокама этилади.

Агар бу ҳужжат қабул қилинса, демак 193та аъзо давлат "инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва мулоқотлар устидан ҳар қандай назорат келтириб чиқариши мумкин бўлган суистеъмол ҳолларидан ўта ҳавотирда" эканини англатади.

Ноябрь охирида овозга қўйилиши кутилган мазкур лойиҳа барча давлатларни халқаро қонунчилик билан таъминланган шахсий ҳаётга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилишга чақиради.

Бош ассамблеянинг резолюциялари мажбурий ҳисобланмаса-да, етарли қўллаб-қувватлов олган тақдирда, катта ахлоқий ва сиёсий таъсирга эга бўлишлари мумкин.

Ҳужжат АҚШнинг хорижий раҳбарлар устидан яширин назорат олиб боргани борасидаги айбловлар манзарасида ишлаб чиқилди.

Сноуден билан учрашув

АҚШ Ангела Меркелнинг телефонига қулоқ солгани фош қилиниши ортидан Олмония ҳукумати бу кузатувлар ҳақида Эдвард Сноуден билан юзма-юз суҳбатлашишга тайёр эканини билдирган.

Сноуден аввалроқ немис парламентидаги Яшил партия аъзоси Ханс-Кристиан Штрёбеле билан учрашган ва АҚШ махфий кузатувлари ҳақида олмон ҳукуматига гапириб беришга тайёрлигини изҳор қилган.

Сноуденнинг адвокати Анатолий Кучерена ҳар қандай учрашув Олмонияда эмас, балки Сноуден вақтинчалик бошпана олган Россияда бўлиши кераклигини айтган.

Меркелнинг АҚШ амалларидан норозилиги ўтган ҳафта бўлиб ўтган Оврўпо саммитига соя солди. Меркел хоним дўстлар бир-бири устидан айғоқчилик қилиши бўлмағур амал эканини айтди.

Айни дамда Русеф хоним АҚШ хавфсизлик агентлиги телефон қўнғироқлари ва электрон ёзишмаларни кузатиш имконини қўлга киритиш учун Бразилия давлат нефть ширкати Петробраснинг ички компьютер тармоғига хакерлик йўли билан кириб олганини айтди.

Жума куни АҚШ давлат котиби Жон Керри баъзи ҳолларда Америка агентликлари сал ҳаддидан ошиб кетганларини тан олди.

У бу каби ҳоллар келажакда қайтарилмаслиги учун Президент Барак Обама билан зарур чораларни ишлаб чиқишини айтди.