Ғазабланган Покистон АҚШ билан муносабатларини қайта кўриб чиқмоқчи

Image caption Толибон раҳбарининг ўлдирилиши Покистонда ғазабнок қаршиланмоқда.

АҚШ учувчисиз учоғи Покистондаги Толибон ҳаракати раҳбари Ҳакимуллоҳ Маҳсудни ўлдирганига жавоб сифатида Покистон ўзининг Қўшма Штатлар билан муносабатларини қайта кўриб чиқади, дея маълум қилган мамлакат бош вазири идораси.

Покистон Бош вазири Навоз Шариф мамлакат хавфсизлик хизматларини раҳбарларини фавқулодда мажлисга чақирган.

Покистон ҳукуматига кўра, Ҳакимуллоҳ Маҳсуднинг ўлими ўзларининг Толибон билан йўлга қўяётган тинчлик мулоқотларини барбод қилган.

"Ҳакимуллоҳнинг ўлдирилиши тинчлик йўлидаги ҳамма интилишларни ўлдиришдир", деб айтган Покистон Ички ишлар вазири Чаудхри Нисар Али Хон.

Америка боши учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот пули эълон қилган Ҳакимуллоҳ Маҳсуд 1 ноябр, жума куни Покистон шимоли-ғарбидаги Шимолий Вазиристон минтақасининг қавмлар назоратидаги Данде Дарпахел қишлоғига отилган.

Хабарларга кўра, дрон Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ва яна тўрт киши ҳаракатланаётган автомобилни нишонга олган.

Оқибатда автомобилдаги барча йўловчилар, шу жумладан Покистон Толибони раҳбарининг икки тан қўриқчиси ҳам ҳалок бўлган.

2 ноябр, шанба куни Ҳакимуллоҳ Маҳсуднинг дафн маросими бўлиб ўтган.

Хабарларга кўра, Покистондаги Толибон ҳаракати Маҳсуднинг ўлими учун ўч олишга қасамёд қилганлар.

Маҳсуднинг ўрнига 38 ёшли "Сажна" исми билан таниқли Хон Саид Покистондаги Толибон ҳаракати раҳбари этиб сайлангани ҳақида бир неча қўмондонлар хабар қилганлар.

Аммо ҳамма қўмондонлар ҳам Хон Саиднинг Покистон Толибони раҳбари этиб сайланганига рози эмасликлари ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Покистондаги Толибон бу мамлакатда исломий давлат барпо этиш мақсадини кўзлаган.

Ҳаракатнинг қуролли ҳужумлари оқибатида минглаб тинч фуқаролар ва Покистон хавфсизлик кучларининг ходимлари ўлдирилган.

Бироқ шу йил май ойида сайланган Навоз Шариф етакчилигидаги янги ҳукумат Толибон билан тинчлик музокараларини исташини айтиб келган.

Айни 1 ноябр куни Покистон ҳукумати Шимолий Вазиристонга ҳукумат ҳайъатини юбориши ҳақида эълон қилган эди.

Ҳакимуллоҳ Маҳсуднинг ўлдирилганига ўзининг норозилигини билдириш учун Покистон ҳукумати Исломободдаги АҚШ элчисини чақирган.

АҚШ Давлат департаменти Покистон ҳукуматининг айбловига ўз муносабатини билдирган.

Давлат департаменти вакили сўзларига кўра, толиблар билан музокаралар Покистоннинг ички иши ва бунинг бошқа мамлакатларга алоқаси йўқ.

"АҚШ билан Покистон экстремистик зўравонликларга чек қўйишдан стратегик манфаатдорлар", деб айтган Америка ташқи сиёсат идораси вакили.

Покистондаги айрим сиёсатчилар Американинг Афғонистондаги НАТО кучлари учун таъминот йўлини тўсиб қўйиш чақириғи билан чиққанлар.

Бу мавзуда батафсилроқ