Петербургда “рус марши” ўзбекистонликнинг ўлими билан якунланди

Тадбир аввалига тинч ўтган, кейинчалик босқин ва дўппослашлар билан якунланган
Image caption Тадбир аввалига тинч ўтган, кейинчалик босқин ва дўппослашлар билан якунланган

Петербург шаҳри метро станцияларининг бирида ўзбекистонлик мигрантнинг жасади топилган. Ҳуқуқ тартибот органлари мигрант миллатчилик сабабидан ўлдирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Россиянинг энг йирик шаҳарларидан бўлмиш Петербургдаги “рус марши”да мингдан ортиқ одам қатнашган.

Ўзбекистонлик эканлиги айтилаётган мигрантнинг жасади 4 ноябр куни соат 15:30 да “Рыбацское” метрос танциясида топилган. Бу ҳақда фонтанка.ру сайти ҳуқуқ тартибот органларига таяниб маълумот берди.

Номаълум шахслар ўзбекистонликка бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказган. Жароҳат натижасида эркак киши воқеа жойида жон таслим қилган. Унинг шахси борасида ҳозирча маълумот берилмаган.

Айни вақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари жиноят содир этилган ҳудудга ўрнатилган кузатув камераларини кўриб чиқмоқда, дея ёзади фонтанка.ру.

Тергов қўмитасидаги манбаанинг журналистга айтишича, қотилликнинг сабабларидан бири миллий адоват бўлиши мумкин. Видео тасвирларда пичоқ ураётгганларнинг миллатчиларга хос кийиниб олгани эътиборни тортган.

4 ноябр куни бошқа шаҳарларда бўлгани каби мингдан ортиқ миллатчилар Петербургда ҳам намойишларга чиққан.

“Рус марши” дея ном олган ушбу йиғин аввалига тинч ўтган. Аммо бир неча гуруҳга бўлиниб олган миллатчилар метро ва бозорларда славян кўринишида бўлмаганларни дўппослаган.

“Удельная” метро бекатида 40 дан ортиқ миллатчилар славянларга ўхшамаганларни бир бошдан дўппослай кетишган.

Кейинчалик интернетда пайдо бўлган видеода поезд “Удельная” бекатида тўхтаганида спорт кийимидаги ёшлар қўшни вагонга югуриб ўтишади ва руслар ўхшамаган йўловчиларни ура кетади.

Ҳужум уюштирганлар “Ўлдиринглар”, “Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун” дея бақиришади.

Гувоҳлар жароҳат олганлар борлигини айтишган. Йўловчилар ваҳимага тушган ҳолда вагонлар қочиб бошқасига киришган.

Полиция ушбу бекатда тўқнашув бўлганини тасдиқлаган.

Шундан сўнг миллатчи ёшлар Удель бозоридаги босқинларда иштирок этиш учун чиққани тахмин қилинади.

Гувоҳлар миллатчилар Удель бозорида босқин уюштирганини ва ўқ овозлари эшитишганинин айтишган.

Полиция “Рус марши”дан сўнг турли тартибсизликлар билан 54 кишининг қўлга олинганини билдирган.

Россиядаги миллатчилар амалиёти уларнинг ўзи таъкидлашича, туб аҳолининг энг катта юриши ҳисобланади.

"Русский марш" ҳаракатининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифалари рус халқини юришга қўшилишга чақириқлар, ҳамда рус бўлмаган аҳоли, хусусан Марказий осиёлик муҳожирлар ва Қофқозлик фуқароларга қарши миллатчи баёнотлар ва шикоятлар билан тўлган.

Айни пайтда россиялик инсон ҳақлари фаоллари ҳукуматдан Россиядаги рус бўлмаган аҳоли, хусусан меҳнат муҳожирларини дискриминация қилинишига чек қўйишни сўрамоқда.

Page not found - BBC O'zbek