‘Юзингизни очинг, акс ҳолда адолат қарор топмайди’

  • 6 Ноябр 2013
  • изоҳлар

Бундай даъват билан британ ҳукумат вазири Кеннет Кларк чиққан.

Жаноб Кеннетнинг таъкидлашича, иштирокчилардан бири ниқоб ёки бурқада бўлса ҳам, маҳкама жараёни рисоладагидек бўлмайди.

Кеннет Кларк ўз вақтида Британия собиқ Адлия вазири бўлиб ҳам ишлаган.

Унга кўра, хотин-қизларнинг маҳкама жараёнида ниқобда гувоҳлик беришларига изн берилмаслиги лозим.

Жаноб Кеннетнинг таъкидлашича, унинг сўзларидан “Исломдан қўрқув” оҳангларини излашнинг ҳожати йўқ.

Менинг назаримда, ҳакамлар шоҳиднинг хатти-ҳаракатларини ўз кўзлари билан кўришлари муҳим, дейди у.

Шу йил сентябр ойида британ маҳкамаси гувоҳлик бергунча хотин-қизлар ниқоб ёки бурқаларини ечишлари шартлиги ҳақида ҳукм чиқарганди.

Британия Ички ишлар вазири Тереза Мей хонимлари эса, бундан аввал бурқа бўладими ёки бошқа, хотин-қизлар истаган нарсаларида юришда эркин бўлишларини лозимлигини айтганди.

Лекин, шунда ҳам, Мей хоним лозим бўлган тақдирда, улардан юзларини очишлари сўралишини ҳам истисно этмаганди.

“Умуман кўриб бўлмайди”

Кеннет Кларк маҳкама биноси ташқарисида одамлар “кўнгиллари тусаган нарсада юришсин”, аммо ҳакамлар учун маҳкама жараёнида уларнинг юз-кўз ифодалари ва тана хатти-ҳаракатларини кўриш муҳим. Шу боис ҳам, бу борада аниқ тартиб-қоидалар ишлаб чиқилиши лозим, дейди.

Ҳозир бирор бир лавозимда бўлмаган ҳукумат вазири, ўз ўрнида, ниқобини ечган пайтда хотин-қизлар одамларнинг кўз ўнгидан панада бўлишлари учун маҳкама залида лозим шарт-шароитлар яратилиши таклифини ҳам илгари сурган.

“Бош ҳакам ва ҳакамлар ҳайъати қандай қилиб буткул ўраниб олган одамнинг гувоҳлигига мутлақ ишонишлари мумкин. Менимча, бу ҳолат маҳкама жараёнига халақит қилади”, - деб айтган жаноб Кеннет Би-би-сининг “The World This Weekend” радио дастурига берган суҳбатида.

“Бу – 21 асрда одамлар қабул қилиши мумкин бўлган энг ғайриодатий уст-бош”, - дея қўшимча қилган британ ҳукумат вазири.

Лейборист собиқ Ички ишлар вазири Жак Строу ҳам яқинда маҳкама жараёнида гувоҳлик бергунларича хотин-қизларни ниқобларини ечишга мажбурловчи янги қонун-қоидалар қабул қилинишига чақирганди.

Шу йил сентябр ойида Лондон маҳкамаларидан бирида ҳакам муслима аёлнинг ниқобда ҳозир бўлишига рухсат берган, аммо сўз навбати етганда, юзини очиши шарт эканини таъкидлаганди.

Аммо 22 ёшли муслима аёл эркакларнинг кўзи ўнгида ниқобини ечиб, юзини очишдан бош тортганди.

Яқинда Британияда ҳам хотин-қизларнинг жамоат жойларида бурқа ёки ниқобда юришлари қанчалик мақбул экани каттагина баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси эса, Англия шифохоналарида шифокорларнинг буткул ёпиниб юринишларига изн берилиши жоизми-йўқлиги масаласини кўриб чиқмоқда.

Британия Соғлиқни сақлаш вазири Жереми Ҳантга кўра, беморларнинг ўзларини даволаётган доктор ва ҳамширани кўриб туришлари муҳим.

Бошқа баъзи бир британ вазирлари эса, ҳукуматни муслима қизларнинг ўқув даргоҳларига ниқобда келишларини тақиқлаш, бу масалани кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйишга ҳам ундашганди.