Олимпиада машъаласи Байқонурдан фазога олиб чиқилди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Союз" фазо кемаси бортида Сочи Олимпиадаси машъаласи билан Қозоғистоннинг "Байқонур" фазо станциясидан парвоз қилди.

Олимпиада машъаласи биринчи бор фазога олиб чиқилмоқда.

2014 йил Қишки Ўйин ташкилотчилари машъаланинг анъанавий эстафетасига фазо босқичини ҳам қўшишга қарор қилишди.

Фазо кемаси парвози учун 1961 йил Юрий Гагарин осмонга кўтарилган жой танланган.

Ракетага махсус олимпиада рамзи ва Сочи олимпиадаси белгиси чизилган.

"Союз" кемаси шунингдек, 38-экспедиция аъзолари бўлган япониялик Коичи Ваката, россиялик Михаил Тюрин ва америкалик Ричард Мастраккиони Халқаро фазо станциясига етказади.

Хавфсизлик туфайли парвоз давомида машъала ёқилмаслиги айтилган. Ҳаво бўлмаган очиқ фазода эса олов ёнмаслиги маълум.

Шу боисдан машъаланинг фазога олиб чиқилиши рамзий маънода эга.

Шанба куни россиялик фазогирлар Олег Котов ва Сергей Рязанский очиқ космосга чиқишади ва машъалани қўлма-қўл узатиб суратга тушишлари кутилмоқда.

Шу билан бирга машъаланинг очиқ космосда нафақат узатиш, балки суратга тушириш ва видеога олиш анча мураккаб вазифа бўлиб, фазогирлар бунга бир неча ой фазодаги каби турли шароитларда тайёрланишган. Машъала очиқ космосга учиб кетмаслиги учун у фазогирларга боғланади.

Олимпиада машъаласи 11 ноябрда Ерга олиб туширилиши керак. У машъала билан 2014 йил февралда Сочи олимпиадаси олови ёқилади.