Cурия армияси Дамашқ яқинидаги исёнчилар анклавини қайта ишғол этди

Image caption Суриядаги жангларда бугунга қадар расман 100 мингдан ошиқ инсон ҳалок бўлган

Сурия қўшинлари Дамашқ яқинида исёнчилар назорат этаётган муҳим шаҳарни қайта ишғол этди, дея хабар берган давлат матбуоти ва фаоллар.

Сурия давлат телевидениесига кўра, ҳукумат кучлари Сбейнеҳни ишғол этган ва "террорчилар" шаҳардан сиқиб чиқарилган.

Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳақлари кузатувчилари гуруҳининг айтишича, Сбейнеҳ исёнчиларнинг Дамашқ яқинидаги энг муҳим истеҳкоми бўлган.

Айни дамда, нозирлар Сурияда қолган яна иккита кимёвий комбинатни текшириб чиққанликларини маълум қилганлар.

Улар ҳозирга қадар 23 кимёвий иншоотдан 21 тасини назоратдан ўтказган эсаларда, қолган икки иншоотни кўздан кечириш ниҳоятда қийин бўлаётганди.

Нозирларнинг айтишича, Ҳалаб яқинидаги кимёвий иншоот бўш бўлган.

Сбейнеҳнинг давлат назоратига ўтгани ҳақидаги хабар пайшанба куни давлат телевидениеси орқали эълон қилинган.

"Бизнинг жасур армиямиз Дамашқ вилоятининг Сбейнеҳ ва Ғазалаҳ минтақалари устидан назорат ўрнатди... Террорчиларнинг у ердаги охирги истеҳкомлари йўқ қилинди," - дея хабар берган Сурия давлат телевидениеси.

Сурия ҳукумати исёнчиларни "террорчилар" деб атайди.

Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатувчилари гуруҳининг директори Рами Абдул Раҳмон ҳукуматга Ливандаги Ҳизбуллоҳ жангчилари ва бошқа ҳукуматпараст қуролли гуруҳлар ёрдаб беришган.

"Дамашқ жанубидаги исёнчилар барча таъминот йўлларидан айрилиб қолишди," - деб айтган у.

Икки йил муқаддам Сурия президенти Башар ал-Ассадга қарши қуролли исён бошланганидан буён 100 мингдан ошиқ инсон ҳалок бўлган ва икки миллионга яқин одам мамлакатни тарк этган.

Бу мавзуда батафсилроқ