"Ёсир Арофат полоний билан заҳарланган"

Фаластиннинг собиқ раҳбари Ёсир Арофат радиоактив полоний моддаси билан заҳарланган бўлиши мумкин.

Швецариялик патологоанатомлар хулосаси билан танишиш имкониятига эга бўлган"Ал-Жазира" телеканали шундай хабарни бермоқда.

Ёсир Арофатнинг касаллик тарихида айтилишича, у 2004 йил инсультдан вафот этган.

Шифокорлар Арофат лейкемияга чалинган деб тахмин қилишганди.

Бироқ унинг ўлимидан сўнг Арофат заҳарлаб ўлдирилгани ҳақида гумонлар билдирилди. Шу шумонлар орқасидан Арофатнинг жасади эксгумация қилинган эди.

Швецариялик мутахассислар келтиришича, жасадда юқори миқдорда радиоактив полоний моддаси топилган. Бу эса Арофат заҳарланган бўлиши мумкин, деган фикрни беради.

Шу билан бирга швецарияликларнинг таъкидлашича, тадқиқот учун манбаларнинг етарли эмаслиги ва ўлимдан буён саккиз йил ўтгани ҳамда бошқа сабаблар мушкулликлар туғдирган.

Айни пайтда Парижда чиқиш қилган Арофатнинг беваси Суха Арофат шифокорлар хулосаси сиёсий қотиллик содир этилганини тасдиқлашини айтган.

Image caption Арофатнинг беваси Суха шифокорлар хулосаси эрига нисбатан сиёсий қотиллик содир этилганини тасдиқлашини айтган.

"Улар бизнинг шубҳаларимизни тасдиқлашди. Арофат табиий сабаблар туфайли вафот этмаган, у ўлдирилгани, сиёсий қотиллик содир этилганини расман тасдиқланди", деган Суха Арофат.

Швецариялик мутахассислар Арофатнинг кийими, рўмоли ва тиш чўткасида "фавқулодда юқори" даражадаги полоний-210 борлигини аниқлашган.

Шунингдек унинг танасидан чиққан ажралмаларда ҳам полоний бор.

Шунга қарамасдан, текширувчилар "ўлим полоний-210 туфайли содир бўлгани" ҳақида эҳтиёткорлик билан тасдиқлайди.

Рейтер агентлигига кўра, Суха Арофат эрининг ўлимида аниқ бир шахсларни келтирмаган, фақат эрининг душманлари кўп бўлганини айтган.

Арофатнинг ўлими юзасидан патологоанатомик тадқиқотларни бир вақтда Франция ва Россия мутахассислари ҳам олиб боришган. Октябр ойида Россия вакиллари Арофат жасадида ҳеч қандай полоний моддаси топилмаганини билдиришди.

Исроил ҳукумати мутахассисларнинг охирги хулосасига шубҳа билан қараган.

Кўпгина фаластинликлар Ёсир Арофат исроил жосуслик хизмати томонидан заҳарланганига ишонади.

Арофатнинг жасади қолдиқлари 2012 йил Рамаллада қазиб олинган ва ташҳис учун керакли манба олингандан сўнг дарҳол ўрнига қайтиб қўмилган.

Полоний-210 юқори даражадаги радиоактив модда бўлиб, 2006 йил худди шу моддадан россиялик собиқ жосус Алексадр Литвиненко Лондонда заҳарланиб ўлган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ