Бачабозлик фожеаси ёки Афғонистоннинг кундек равшан махфий сири

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Толибон тузуми қулатилиши ортидан бугунга келиб Афғонистонда бачабозлик кўлами кишининг ақлини шоширадиган даражага етибди.

Бундай хулосага ўтган ҳафта Washinton Post ва Foreign Policy каби қатор нуфузли халқаро нашрларда чоп этилган мақолаларда келинади.

Уларда ёзилишича, ўтган 10 йилдан ортиқроқ вақт бадалида бачабозлик кўлами Афғонистоннинг ушбу муаммо одатий тус олган жануби қолиб, шимоли ва ҳатто, пойтахт Кобулга қадар етиб келибди.

Бирлашган Миллатларнинг экспертлари эса, бачабозлик муаммосининг бугунги кўламини назарда тутишаркан, “Толибон тузуми даврида қонунлар яхшироқ ишлаши”ни эътироф этиш даражасига боришибди.

Ушбу муаммо, ҳаттоки, АҚШ Давлат департаментининг сўнгги йиллик ҳисоботларида ҳам тилга олинади.

Аммо, кишининг ақлини шошириш даражасида дейилганда ҳам, муаммонинг бор кўламига аниқлик киритиши мумкин бўлган ишончли маълумотлар йўқ.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари бунинг сабабини бачабозлик Афғонистоннинг очиқ сири эса-да, унинг “ўта ҳассос ва ошкора гапирилмайдиган” мавзу экани билан изоҳлашади.

Улар бачабозлик билан кўп одам шуғулланиши, аммо очиқча айтишга келганда, чурқ этиб оғиз очадиганлар деярли топилмаслигини таъкидлашади.

“Бачабозларнинг ертўлалари бор. Болаларни келтириб ташлайди, тақрибан 40-50 кун, ҳатто, бир йиллаб чиқармайди. Болалардан айримларининг ўлганларига ҳам гувоҳ бўлганмиз, уришган. Мана шу қўмондонларнинг вақтида...Масалан, бир қўмондоннинг иккита-учта бачаси бор эди”, - дейди шимолий тахорлик яшовчилардан бири Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Афғонистонда қадим бачабозлик анъанасининг авж олишига сабаб бўлаётган омиллар эса, бугун қонунсизлик, қашшоқлик ва қурол кучининг ҳукмронлиги каби уч сўзда жам бўлади.

Foreign Policy журнали, ҳаттоки, 2002 йилда чоп этилган айрим мақолаларга таяниб, 90-йиллар бошларида Толибоннинг қудратга келишига ҳам айнан бачабозлик ҳолларидан нафрат сабаб бўлгани ҳақида сўз юритади.

Агар, ушбу журналда босилган сўнгги мақола тафсилотларига таянилса, бачабозлик бугунга келиб, Афғонистоннинг аксарият ҳудудларида маълум бир тартибга ҳам тушиб улгурибди.

Аксарият бачалар қудратли эркак ҳамроҳларининг ярим расмий ёрдамчиларига айланишган, деб ёзилади ушбу мақолада.

Аён бўлишича, бугун Афғонистонда салмоқли сондаги ҳукумат, полиция мулозимлари ва ҳарбийлар бача тутишади.

Ўтган ҳафта чоп этилган мақола муаллифларига кўра, бачабозлик минглаб қурбонларини бир умрга руҳан майиб қилиш билан бирга, Афғонистоннинг рисоладагидек бир давлатга айланишига ҳам имкон бермайдиган муаммо кўринишини олган.

Аммо, шунга қарамай, муаллифларнинг бирдек эътироф этишларича, бачабозликнинг олдини олиш йўлида на-да халқаро ҳамжамият ва на-да афғон ҳукумати деярли бир иш қилган.

Катта сондаги афғон болалари эса, бачабозлик муаммоси қаршисида ожиз ва ҳимоясиз қолишмоқда.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳам Афғонистон учун ўзбек тилидаги махсус дастурининг бу ҳафталик “Сўз Сизга” барномасини ушбу муаммога қаратди.

Барномани тўлиқ тинглаш учун плейерни ўйнанг.

Бу мавзуда батафсилроқ