Саудия Арабистонидаги тўқнашувларда икки инсон нобуд бўлди

Саудия Арабистони пойтахти ар-Риёдда хорижлик меҳнат муҳожирлари ва полиция ўртасида кечган тўқнашувда икки инсон нобуд бўлган.

Полиция баёнотида айтилишича, Манфуҳаҳ мавзеъида юзлаб одамлар ҳибс қилинган. Хорижлик ишчилар ҳукуматнинг меҳнат муҳожирларига қарши янги тартиб-қоидаларга норозилик билдиришган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоёзувларда хавфсизлик кучлари катта сондаги оламонни тарқатиш учун резина таёқларни ишга солгани акс этган.

Ўтган ҳафта Саудия Арабистони ҳукумати ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши чораларини кучайтираётгани ҳақида эълон қилганди.

Айтилишича, Манфуҳаҳ туманида меҳнат муҳожирлари саудиялик шахсга ва бошқа хорижийларга тош ва пичоқлар билан ҳужум қилиши ортидан полиция кучлари ишга солинган.

Манфуҳаҳда аксари Шарқий Африкадан келганлар дохил кўплаб муҳожирлар истиқомат қилишади.

Полициянинг айтишича, ўлдирилган икки одамдан бири саудиялик, иккинчисининг шахси аниқланмаган.

70га яқин киши тан жароҳати олган ва 560га яқин одам ҳибс қилинган.

Гувоҳларга кўра, якшанба куни Миллий Қўриқчилар бўлинмалари ва махсус кучлар етиб келгунга қадар мавзеъни полиция ўраб турган.

Воқеа жойига яқин ҳудудда юзлаб эркак, аёл ва болалар кўч-кўронлари билан полиция автобусларига чиқарилган.

Матбуот хабарларига кўра, улар депортация қилинишдан олдин махсус марказга олиб борилган.

Шунингдек, баъзилар Манфуҳаҳдан таксиларда чиқиб кетишгани акс этган тасвирлар намойиш этилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, қарийб бир миллион нафар Бангладеш, Ҳиндистон, Непал, Покистон ва Яман фуқаролари Саудияни тарк этишган.

4 миллион киши ўтган якшанба берилган муҳлат тугашидан олдин Саудия Арабистонида яшаб, ишлаш рухсатини олишга муваффақ бўлган.

Саудия Арабистони иқтисоди араб дунёсидаги энг йириги ҳисобланади. Аммо, расмийлар ўз фуқаролари орасидаги 12 фоиз ишсизликни камайтиришга уринишмоқда.

Маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида жами 9 миллион муҳожир ишчилар бор.

Бу мавзуда батафсилроқ