Покистонда Ҳаққоний тармоғи етакчиларидан бири ўлдирилди

Насриддин Ҳаққоний
Image caption Насриддин Ҳаққоний тармоқнинг молиявий ишларига масъул кўрилган

Покистонда "Ҳаққоний" тармоғининг юқори мартабали аъзоси ўлдирилган.

Толибонга алоқадор кўриладиган гуруҳнинг молиявий ишлари бўйича масъули Насриддин Ҳаққоний пойтахт Исломободда номаълум қуроллилар тарафидан отиб кетилган.

Унинг номи Американинг "глобал террорчилар" рўйхатида тиркалган эди.

Жалолиддин Ҳаққоний тарафидан асос солинган ушбу тармоқ Афғонистондаги Толибон гуруҳининг энг хатарли қаноти ҳисобланади.

Ҳаққоний тармоғи Афғонистон ҳукумати ва НАТОга қарши қатор ҳужумларни усталик билан амалга оширган. Шу билан бирга тармоқ жангарилари одам ўғирлаш амаллари ва қотилликларда ҳам масъул кўрилади.

Насриддин Ҳаққоний Мироншоҳда дафн этилади

Шимолий Вазиристондан собиқда "Ҳаққоний" тармоғи таркибида бўлган жангари "Доктор Насир шаҳид бўлгани"ни тасдиқлаган.

У ҳодиса тафсилотларини бераркан, мотоциклда келган қуролли шахслар масжиддан қайтаётган Насриддин Ҳаққонийни нишонга олишганини айтган.

"Унинг жасади кечроқ дафн этиш учун Мироншоҳга жўнатилди", дейди "Ҳаққоний" тармоғи собиқ аъзоси.

Аммо, Насриддин Ҳаққонийни ким нима учун ўлдиргани қоронғу қолмоқда.

Насриддин Ҳаққоний ким бўлган?

Насриддин Ҳаққоний тармоқ асосчиси асли афғонистонлик Жалолиддин Ҳаққонийнинг тўнғич ўғли бўлган.

Бундан олдин унинг бошқа уч ўғли ҳам ўлдирилганди.

Насриддин Ҳаққоний Пактика вилоятининг Нека туманида туғилган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши унга қарши жазо чоралари жорий этган: банк ҳисоблари музлатилган, борди-келдисига чекловлар ўрнатилган ва унга қурол-яроғ сотиш тақиқланганди.

Жазо чораларига оид ҳужжатда кўрсатилишича, Насриддин Ҳаққоний Толибон учун пул йиғиш учун Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилган.

Сўнгги пайтлар у Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасидан туриб фаолият қилган.

Жалолиддин Ҳаққоний эса...

1980 йиллар Афғонистонга Шўролар ишғоли пайти мужоҳидлар сафида жанг қилган.

У ўша пайтлар Марказий Жосуслик Бюроси, Покистон ва Саудия Арабистони тарафидан дастак олиб тургани ҳақида ҳам гапирилади.

1942 йилда туғилган Жалолиддин Ҳаққоний 1996 йил Толибон ҳукумати таркибида фаолият қилган.

У "Ал-Қоида" тармоғи билан яқин алоқада бўлган.

2001 йил АҚШ етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар ортидан Толибон тузуми ағдариларкан, у исёнкорлар сафига қўшилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ