Ўз отаси 6 яшар Асмани нега сотди?

Image caption 'Ёш-ёш қизчаларнинг ҳимоясида афғон ҳукуматининг жиддий эътибори лозим'

Афғонистон шимолидан олинган хабарларга кўра, банги отаси бир парча ер эвазига ёшгина қизалоғини бадавлат бир одамга сотган.

Аён бўлишича, унинг тўнғич қизи ҳам икки йил олдин ўз отаси томонидан бу каби тақдирга мубтало этилган.

Отаси биргина гиёҳванд модда сотиб олиш учун уни пул эвазига бошқа бир эркакка сотиб юборган.

Аммо бу гал онасининг мурожаати туфайли маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари Асманинг ҳодисасидан бохабар бўлишади ва уни қутқариб қолишади.

Хабарларга кўра, акс ҳолда, Асмани сотиб олган эркак уни болаларидан бирига никоҳлаб бермоқчи бўлган.

Ҳозир икковлоннинг ҳам ҳукумат бошпанасида эканликлари айтилмоқда.

Афғонистон Мустақил инсон ҳуқуқларини сақлаш ҳайъати раҳбари Воҳидуддин Арғуннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, юз берган воқеа юзасидан аллақачон махсус бир қўмита тузилган.

Ҳозир қўмита Асмани давлат қарамоғига олиш, унинг оиласига моддий кўмак бериш ва отасини бангиликдан даволаш ҳақида ўйламоқда, дейди суҳбатдошимиз:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Асманинг бошига тушган кўргулик Афғонистоннинг шимолий Жаузжон вилоятида юз берган.

Қизалоқнинг оиласи ўта фақирликда ҳаёт кечирган, отаси банги экани боис, рўзғорлари фақат ёлғиз онасининг тиланчилик орқасидан топган тўрт танга пули билан ўтган.

Бироқ, фаолларнинг сўзларига қаралса, ўз оталари томонидан сотиб юборилаётган, қарз эвазига бериб юборилаётган ёки қиморга тикилаётган қизчалар оз эмас.

Аммо, шунда ҳам, уларнинг тан олишларича, бу каби ҳодисаларнинг барчасидан огоҳ бўлаверишмайди.

Ҳуқуқий саводсизлик даражасининг пастлиги ва кенг илдиз отган қонунсизлик сабаб эса, аксарият жавобгарлар жазодан қутулиб қолаверишади.

Аммо, Жаузжондан олинган сўнгги хабарларга кўра, Асманинг отаси ва уни сотиб олган эркак терговга тортилган. Ҳамда бу иш зудлик билан кўриб чиқилади.

Ўтган ўн йилдан ортиқроқ вақт бадалида берилган миллиардлаб долларлик хорижий ёрдамларга қарамай, Афғонистон ҳануз дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири саналади.

Айниқса, мамлакат аҳолисининг катта қисми ҳаёт кечирувчи қишлоқ ҳудудларида вазият анчайин оғир.

Руҳий тушкунлик ва тўрт танга пул илинжида қўшни давлатларга бориб, ишлаб келганлар ҳисобига бангилар сони ҳам шиддат билан ўсиб бормоқда.

Маҳаллий фаолларга кўра, афғон ҳукумати қашшоқликни аритиш ва одамларнинг ҳуқуқий саводхонликларини ошириш йўлида жиддий чора-тадбирларга қўл урмас экан, ёш-ёш қизчаларнинг тақдири хавф остида қолаверади.