Лондонистон: шаҳзода Чарлз расман нафақахўр бўлди

Британиядаги нашрлар шаҳзода Чарлзнинг 14 ноябрда 65 га тўлиши муносабати билан мақолалар эълон қилишган.

Гардиан газетига кўра, Уэлс шаҳзодаси Чарлз энди қироллик тахтининг энг кекса меросхўри ҳам ҳисобланади.

Биринчидан, жаноби олийлари бир куни қирол бўлиши барибир аниқ -"шу йил, кейинги йил, ёки қачондир", деб ёзади Гардиан.

Иккинчи томондан, охирги 40 йил шаҳзода Чарлз ўзига юклатилган вазифа ва режаларни англаган ҳолда, тўлиқ равишда шахсий жамоатчилик лойиҳалари ва хайрия билан машғулдир .

Шу билан у ўзидан олдинги тахт вориси Эдуард VII дан фарқ қилади. Эдуард VII қиролича Виктория даврида ўзининг тахтдаги навбатини худди Чарлз каби узоқ кутишига тўғри келганди.

Бироқ замондошларининг айтишича, у овқатга, аёлларга ва қимор ўйинларига айниқса ўч бўлган.

Гардианнинг ёзишича, Чарлз дунёдаги энг улкан ва ажойиб монархиянинг меросхўри бўлиб, Корноул герцоглигидан йилига 19 млн фунт даромад олади.

Шунингдек, шаҳзода Чарлз 65 га кириши муносабати билан ҳар бир кекса британияликка бериладиган давлат нафақасини олишни ҳужжатлаштириши кераклигини айтган.

Бу бир ҳафтада 110 фунт 15 пенс нафақа пули дегани.

Британиялик нафақахўрлар жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эгалар. Лекин, деб ёзади Гардиан, шаҳзода метро вва автобусдан фойдаланмаслиги боис йўл чиптаси олишга мурожаат қилмоқчи эмас.

Чарльзанинг рафиқаси Корнуол герцогиняси Камилла эрининг иш билан буткул машғуллиги ва деярли дам олмаслигини айтган. "Чарлзнинг туғилган куни учун совға топиш - дунёдаги энг мушкул вазифа", дейди Камилла хоним.

Шундай бўлсада, деб ёзади Daily Mail нашри , герцогиняга барибир омад кулиб боқди: "У кўп нарсаларни коллекция қилади, ва мен ноёб совға - чинни идиш топдим",- деб айтади Корноул герцогиняси эри Чарлзга олган совғаси ҳақида.

Бу мавзуда батафсилроқ