Владимир Путин қандай қилиб кимсан Чак Норрисни ортда қолдирди?

Жанубий Кореяга сафар чоғида энг олий дан билан сийланган Россия Президенти таэквондо бўйича дунёдаги саноқли 'Фахрий Буюк уста'лардан бирига айланди.

Бунинг қанчалик олий мақом эканини билиш учун эса, Владимир Путинни кимсан Чак Норрис билан таққослашнинг ўзи кифоя.

Яъни, Бутунжаҳон Таэквондо Федерацияси Россия раҳбарини 9-дан қора белбоққа лойиқ деб топган бир пайтда, шарқона кураш устаси, америкалик машҳур актёрники бор-йўғи 8-дан.

Устига устак, президент Владимир Путин таэквондо билан шуғулланмайди. Ўзининг севган тури - дзюдо бўйича эса, 8-дан белбоғ соҳиби саналади.

Аммо бу каби шарафга лойиқ деб кўрилган Россия президенти бироз камтарлик қилишни ҳам унутмаган.

"Мен ўзимни олий данга лойиқ таэквондо тушиб қўйдим, деб ўйламайман. Бу маросимга, менимча, ушбу гўзал шарқона спорт турини тарғиб этиш сифатида қараш лозим", - деб айтган Владимир Путин.

Жаноб Путин, ўз ўрнида, таэквондони ривожлантириш йўлида салмоқли ҳисса қўшишларига ҳам ваъда беришни унутмаган.

Россия президентининг камтарона сўзлари манзарасида шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, у киши "Дзюдони Владимир Путин билан ўрганинг" номи остида ўз дискини ҳам чиқаришга улгурган.

Таэквондо бўйича 9-дан қора белбоғни белига қўндирган усталар эса, дунёда бармоқ билан санарли.

Лекин, таъкидлаб ўтиш жоиз, уларнинг бир қанчаси ҳам таниқли сиёсатчилардир.

Тўғри, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун таэквондо бўйича 10-дан қора белбоғ соҳиби саналади.

Аммо бу шарафли қора белбоғ бўлгани учун ҳам, барибир, 9-данлиси таэквондода энг олийси сифатида тан олинади.

Шунда ҳам, Пан Ги Мундан ташқари, бу каби дан фақат Халқаро Олимпия Қўмитасининг собиқ икки президенти Хуан Антонио Самаранч ва Жак Роггеларга берилган, холос.

Энг сўнггида шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Бутунжаҳон Таэквондо Федерацияси 2009 йилда АҚШ Президенти Барак Обамани ҳам ўзининг шарафли қора белбоғи билан сийлашни унутмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ