Сурия кимёвий қуроллари энди қаерда йўқ қилинади?

Image caption Сурия кимёвий қуроллари барбод қилиниши учун хавфсиз ҳудуд керак

Кимёвий қуролларни назорат қилувчи ташкилот Суриянинг кимёвий қуроллар арсеналини 2014 йил ўртасигача йўқ қилиш бўйича батафсил режа ишлаб чиққанини билдирган.

Кимёвий қуролларни ман қилиш ташкилоти (OPCW) жума кунигача Сурия қуроллари бўйича якуний режани ишлаб чиқиши кутилганди.

Бу муҳлат БМТ томонидан дастакланган АҚШ-Россия келишуви доирасида эълон қилинганди.

Режа аввалроқ бироз ортга кетган, чунки Албания мазкур қуролларни ўз ҳудудида йўқ қилиниши борасидаги сўровни рад этган.

Эндиликда Сурия кимёвий қуроллари қаерга олиб борилиб йўқ қилиниши ноаниқ қолмоқда.

"Аниқ йўл харитаси"

Кимёвий қуролларни ман қилиш ташкилотининг веб саҳифасидаги баёнотга биноан, "Сурия кимёвий қуроллари энг хавфсиз ва тез равишда йўқ қилиниши учун Сурия ҳудудидан ташқарига кўчирилади ва бу 2014 йил 30 июнигача амалга оширилади".

"Энг асосий" кимёвий қуроллар 31 декабргача Суриядан олиб чиқилади. Асабни фалажлайдиган сарин газининг икки таркибий қисмидан бири бўлган изопропанолдан ташқари барча кимёвий моддалар 5 февралгача олиб чиқилади.

Баёнотда айтилишича, "Сурия очиқлаган кимёвий қуроллар иншоотлари, хавф даражасига қараб, 15 декабрдан 15 мартгача босқичма-босқич йўқ қилинади".

Ташкилот раҳбари Аҳмет Умзужу Сурия қуролларининг йўқ қилиниши аниқ йўл харитасига биноан амалга оширилишини таъкидлади.

"Кейинги босқич энг қийини бўлади, қуроллар ўз вақтида йўқ қилиниши учун хавфсиз ҳудуд зарур," - деди Умзужу жаноблари.

Жума куни ташкилотнинг 41 аъзоси Гаагада учрашди, аммо Албаниянинг розилик бермаслиги ортидан қуроллар энди қаерда йўқ қилиниши борасида бирон маълумот бермади.

Албания яқинда ўз кимёвий қуроллар арсеналини йўқ қилганди, шу сабабдан АҚШ ундан Сурия қуроллари йўқ қилиниши учун мезбонлик қилишни сўраганди.

Бироқ, пойтахт Тирана ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтган норозилик намойишлари ортидан Бош Вазир Эди Рама телевидение орқали чиқиш қила туриб, Албания учун бу амалиётга аралашиш имконсиз эканини айтган.