Татаристонда мотам куни эълон қилинди

Image caption Учоқдаги инсонларнинг жасадлари қаттиқ куйиб кетган.

17 ноябр кунги учоқ ҳалокатида 50 инсон ҳалок бўлгани муносабати билан Татаристонда мотам куни эълон қилинган.

Якшанба куни кечки соат 19.20 да Москвадан учиб келаётган Boeing 737-500 учоғи Қозон аэропортининг учиш-қўниш йўлаги ёнида қулаган, учоқдаги 44 йўловчи ва 6 экипаж аъзоси ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлган инсонларнинг рўйхати эълон қилинган.

Улар орасида Татаристон президентининг ўғли Ирек Минниханов, унинг рафиқаси, Татаристон Федерал Хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Александр Антонов ҳам бўлган.

"Татаристон" авиаширкати учоқнинг буткул соз бўлгани ҳақида баёнот тарқатган.

Қозон аэропортидаги учоқ ҳалокатида 50 инсон ҳалок бўлган

Авиаширкат сўзчисига кўра, Boeing 737-500 учоғи Москвага парвозидан олдин Еревандан учиб келган ва режа бўйича Қозондан кейин яна Арманистон пойтахтига учиши мўлжалланган.

"Татаристон" авиаширкати вакиллари учоқ мунтазам текшириб турилгани ва бирор бир муаммо аниқланмагани ҳақида айтганлар. Шунингдек уларга кўра, учувчилар катта тажрибага эга бўлганлар.

Бироқ учувчилар қўнишга тайёр эмасликлари ҳақида диспетчерларга айтганлари бирор бир техника носозлигидан далолат бериши мумкин, деб айтган ҳалокат оқибатлари бартараф этиш штаби вакилларидан бири Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлигига.

Учоқ қўналғага икки марта қўнишга ҳаракат қилган.

Учинчи мартасида эса учиш-қўниш йўлагига 500 метр қолганда учоқ бирданига баландликни йўқотган.

Гувоҳларга кўра, учоқ учинчи бор уринганида бир қаноти ерга тегиб, учиш йўлкасига деярли қулаб тушган ва шу заҳоти портлаган. Ёнғин эрталабга бориб ўчирилган.

Қутқарувчиларга кўра, ҳамма жасадлар топилган. Бироқ жасадлар қаттиқ куйиб кетганидан уларнинг кимлигини аниқлаш учун ДНК текшируви ўтказилиши керак.

"Қора қути"лар топилган

Охирги хабарларга кўра, ҳалокатга учраган учоқнинг "қора қути"лари топилган.

Улардан бири қаттиқ зарар кўргани айтилмоқда. Қора қутилар Москвага жўнатилган. Ҳалокатга техник носозлик, учувчи хатоси ва ноқулай об-ҳаво шароити, сифатсиз ёнилғи ва ердаги ходимлар айби каби бир нечта сабаб тахмин қилинмоқда.

Учоқ ҳалокати террор ҳаракати бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги тахмин расман келтирилмаган.

Суриштирув ходимлари Қозон аэропортидаги кузатув камерасида ёзиб қолинган лавҳаларни ўргана бошлаганлар.

Соат кечки 18да Қозон аэропорти табиий иш тартибига тушиши айтилган.

Боинг ширкати ҳам ҳалок бўлганларнинг оиласига тазия изҳор қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ