Оятуллоҳ Ҳоманаи Эрон ядровий "ҳуқуқ"идан заррача чекинмаслигини айтди

Женевада Эрон ўз ядровий дастури борасидаги музокараларни бошлар экан, Эрон Олий раҳбари мамлакати ўз ядровий ҳуқуқларидан заррача орқага чекинмаслигини айтган.

Оятуллоҳ Али Ҳоманаи музокараларга бевосита аралашмаслигини айтди, аммо Эрон вакиллари учун "қизил чегаралар"ни чизиб берганини билдирди.

Президент Барак Обама айни дамда АҚШ сенаторларини Эронга қарши янги санкцияларни қабул қилмасликка ва дипломатияга имкон беришга чақирган.

Чоршанба куни Басиж ҳарбийлари қаршисида қилган телевизион чиқишида Оятуллоҳ Ҳоманаи Эрон вакиллари АҚШ, Британия, Франция, Хитой, Россия ва Олмония вакиллари билан учрашиш учун Швейцарияга сафар қилишлари олдидан қаттиқ топшириқ олганларини билдирди.

Аввалги музокараларда томонлар ҳеч қандай келишувга эриша олмаганлар, чунки Эрон уранни бойитиш "ҳуқуқ"и расман тан олишини талаб қилган, Франция эса Аракда янги сув реактори қурилаётганидан хавотир билдирган.

"Биз ўз ҳуқуқларимиздан заррача ортга чекинмаслигимизни таъкидлаймиз," - деди Оятуллоҳ Ҳоманаи.

Лекин, айни дамда у қўшимча қилди: "Биз бу музокараларнинг тафсилотига аралашмаймиз. Лекин, муайян қизил чегаралар бор. Уларга бўйсунилиши керак."

Аввалроқ, Оқ Уй вакили, агар келишувга эришилинмаса, Эрон уранни бойитишни давом эттиришини айтган.

Бироқ, бу сафар Эрон Ташқи ишлар вазири ўзаро келишмовчиликлар ҳал этилишига ишонишини билдирган.

YouTube сайтида чоп қилинган видеомурожаатда Ташқи Ишлар Вазири Жавод Зарифнинг айтишича: "Биз ўзимизга ҳурмат билан ёндошишларини кутамиз ва талаб қиламиз. Биз, эронликлар, учун ядровий энергетика қандайдир клубга қўшилиш ва кимгадир таҳдид солишга боғлиқ эмас. Биз учун ядровий энергия ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал этишимизни англатади."

Сешанба куни Президент Обама Давлат котиби Жон Керри ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Сюзан Райс иштирокида Оқ Уйда сенаторлар билан икки соатлик музокаралар олиб борган.

Охирги кунларда баъзи америкалик қонун чиқарувчилар Эрон ядровий дастури борасидаги музокараларнинг тезкор сурати борасида хавотир изҳор қилиб, Теҳронга қарши қаттиққўлроқ мавқени эгаллашга чақирганлар.

Бунга жавобан Оқ Уй баёнот чиқариб, АҚШда Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш имкони туғилганини айтган.