Саудия подшоҳлиги ноқонуний муҳожирларга қарши қаттиқ чора кўрмоқда

Image caption Саудия расмийларига кўра, мамлакатда тўққиз миллионга яқин муҳожир бор.

Саудия Арабистони расмийлари маълум қилиш қилишича, бир ҳафтанинг ўзида 60 мингдан ортиқ ноқонуий муҳожирлар мамлакатдан чиқариб юборилган.

Саудия Ички Ишлар вазири Муҳаммад бин Найефнинг мухбирларга билдиришича, ҳукумат ноқонуний муҳожирларга қарши кенг кўламли иш бошлаган ва бунинг қачонгача давом этиши номаълумдир.

Октябр ойининг охирларида минглаб афғонистонлик муҳожирлар ўз ихтиёрлари билан полицияга борган эдилар.

Бунга сабаб етти ойлик амнистия эълон қилинган, унга мувофиқ ноқонуний муҳожирлар ўз мақомларини қонунийлаштиришлари ёки ихтиёрий тарзда мамлакатни тарк этишлари мумкинлиги эди.

Ушбу имкониятдан фойдаланган тўрт миллионга яқин кишига ишлаш учун расмий рухсатнома берилган.

Шу билан бирга Бангладеш, Филиппин, Ҳиндистон, Непал, Покистон, Яман каби ўнлаб мамлакатларнинг миллионга яқин фуқаролари мамлакатни тарк этишига тўғри келди.

Аҳолиси 27 миллион бўлган Саудия Арабистонида ҳисоб-китобларга қараганда, тўққиз миллионга яқин меҳнат муҳожири бор.

Меҳнат муҳожирлари маҳаллий аҳолини унча жалб қилмайдиган оғир ишларда, маиший хизмат тизими ва энг кам иш ҳақи тўланадиган жойларда ишлашга кўнадилар.

Ҳар йили йўл азобига дош беролмай ёки хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик натижасида ўнлаб ўлим ҳолатлари учрашига қарамай, меҳнат муҳожирларининг оқими тинмайди.

Саудия Арабистони муҳожирларнинг катта қисмини мамлакатдан чиқариб юбориш билан маҳаллий аҳоли орасидаги ишсизликни қисқартириш ниятида. 2013 йилда мамлакатдаги ишсизлик 12,5 фоизни ташкил қилган.