Афғонистон: Лойа жирғада АҚШ билан келишув муҳокамаси бошланди

Image caption Лойа Жирға муҳокамаларида икки мингдан ортиқ Афғон оқсоқоллари иштирок этишади.

Пайшанба куни Афғонистонда оқсоқоллар кенгаши Қўшма Штатлар билан хавфсизлик борасидаги келишув муҳокамасини бошлаган.

Афғонистон пойтахтида хавфсизлик чоралари кучайтирилган, шаҳарнинг ҳамма жойларида ҳарбийлар жойлаштирилгани, мажлис ўтадиган ҳудудга ўтаётган одамлар синчиклаб текширилмоқда.

Лойа Жирға тўрт кун мобайнида АҚШ кучлари 2014 йилдан кейин Афғонистонда қолиши ё йўқлигини муҳокама қилади.

Масаланинг ҳал этилиши Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай оқсоқолларга тақдим этадиган келишув матнига ҳам боғлиқ.

Лойа Жирға муҳокамаларида икки мингдан ортиқ Афғон оқсоқоллари иштирок этишади.

2014 йилда Афғонистонни тарк этиши кутилаётган халқаро кучлардан кейин мамлакатда хавфсизлик масалалари долзаб бўлиб қолади.

АҚШ билан қандай шартлар асосида келишув тасдиқланишини Лойа Жирға, сўнгра Миллий парламентдаги овоз бериш ҳал қилади.

Халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши орқасидан Эрон ва Покистоннинг мамлакатда таъсири кучайишидан хавотирлари боис АҚШ билан келишув тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилмоқда.

Депутатлардан бирининг айтишича, келишувнинг имзоланиши учун мамлакатга ташқи ҳужум хавф солган тақдирда АҚШ Афғон армияси ва хавфсизлик кучларини қувватлашига ишонч ҳосил қилишлари керак.

Олдинроқ Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Америка расмийлари билан дастлабки келишувни муҳокама қилган. Бироқ Афғонистон томонининг Барак Обамага халқаро кучларнинг Афғонистондаги хатолари ва тинч фуқароларни ҳалок бўлишидаги айбини тан олишни сўраб қилган мурожаати жавобсиз қолган.

Шунингдек, 2014 йилдан сўнг Америка кучлари Афғонистондаги тинч фуқароларнинг уйларини қандай шароитларда текшириши мумкинлиги аниқлаштирилмаган.

Барак Обамага ёзилган мурожаатда ўтган йилларнинг хатолари такрорланмаслигини олдини олиш айтилган.

Бироқ АҚШнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сюзан Райснинг билдиришича, Қўшма Штатларнинг Афғонистондан кечирим сўраши учун ҳеч бир сабаб йўқ.

АҚШ Афғонистон хавфсизлик кучларига 4 миллиарддан ортиқ ёрдам ваъда қилган. Лона Жирға иштирокчилари келишувни тасдиқламас экан, Афғонистонга бу ёрдам етказилмаслиги мумкин.

Оддий афғонистонликлар америкалик ҳарбийларнинг мамлакатдан тўлиқ чиқиб кетишини хоҳлайди. Минтақадаги нотинч вазиятда эса бу қадамнинг оқибатлари мамлакат учун оғир бўлишидан хавотирлар бор.

Бу мавзуда батафсилроқ