Воқеалар ривожи: БМТ 'Мажнун'идан воз кечмаган 'Лайли'ни ҳимоя этмоқчи

Арофатини деб, Саудия Арабистонидан севгилисининг она Ватани Яманга қочган Ҳудага сиёсий бошпана берилиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти худди шу масала ҳал бўлгунга қадар, уни ўз ҳимояси остига олишга қарор қилган.

Халқаро ташкилот Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги вакилининг Би-би-сига айтишича, Ҳуда бошпана сўраб ўзларига мурожаат қилган.

Бошпана сўраган шахс мақомида бўлган инсонни эса, ҳеч ким мажбуран ортга депортация этишга ҳақли бўлмайди.

Масъулларга кўра, она Ватани Саудия Арабистонида яқинларининг, ҳатто, уни ўлдиришлари хавфи бўлгани учун ҳам Ҳудага сиёсий бошпана берилиши мумкин.

Ҳамма бугунги куннинг "Лайли ва Мажнун"и ёки "Ромео ва Жульетта"си деб қараётган икковлоннинг муҳаббат достонлари Яманда ҳамманинг диққат-эътиборига тушган.

Ҳаммаси қандай бошланган эди?

Йигитчани бир қарашда севиб қолган қизгина отасининг қаҳрига учрайди. Ҳа, вақт каби кўҳна яна бир ишқ қиссаси. Аммо Лайли ва Мажнун ёки Ромео ва Жульеттадан уларнинг бир фарқли жиҳатлари бор, қанақа десангиз, ҳикоямизга қулоқ тутинг:

Бир бор экан, бир йўқ экан. Ҳикоямизнинг ибтидоси Саудия Арабистонидан бошланган экан.

Ҳозир 22 ёшда бўлган Ҳуда, тақдирнинг ҳукмини қарангки, бир кун қишлоғидаги қўл телефонлари билан савдо қилувчи дўкончага кириб қолади.

Ҳуда ўзининг "Мажнун"и - камбағалгина оиладан бўлган яманлик меҳнат муҳожири 25 ёшли Арофатни худди шу ерда учратиб қолади.

Бир қарашда муҳаббат, деганлари шу бўлса керакки, икковлон дўкончанинг ўзида бир-бирларига кўнгил қўйиб қолишади.

Агар, ошиқ-маъшуқ ҳимоячисининг сўзларига қаралса, Арофат расм-русмини жойига қўйиб, севгилиси Ҳуданинг отасидан қизининг қўлини сўрайди.

Аммо, қизгинанинг отаси камбағаллигини юзига солиб, ошиқ йигитчага рад жавобини беради.

Ўзининг бошига тушган савдолар билан Youtubeда ўртоқлашган Ҳудага кўра, "ота-онаси ўзини бошқага бермоқчи бўлади, бироқ у Арофатдан ўзгани демаслигини айтиб, оёқ тираб туриб олади".

"Ана шу машмашадан кейин менда уйдан қочиб кетиш фикри туғилди", - дейди Ҳуда.

Икки ўт ичида қолган Ҳуда тугунчасини оладию, яманлик ишчининг кийимида Саудия Арабистони чегарасини кесиб ўтади.

Аммо Яманга ўтиши билан бу ноқонуний хатти-ҳаракати учун маҳаллий масъуллар томонидан қўлга олинади.

Юз берган ҳодисадан хабар топган Ҳуданинг ота-онаси ҳаммасида "қизларининг бошини айлантириб олган" Арофатни айблашади.

Ҳудага ёрдам бериш учун она Ватани Яманга қайтган Арофатнинг бошига ҳам севгилисининг куни тушади. Уни ҳам дарҳол ҳибсга олишади.

Қанчалар ўхшаш, қанчалар ўхшаш, асрлар каби кўҳна яна бир ишқ қиссаси, дерсиз. Аммо Ҳуда ва Арофатнинг Ромео ва Жульетта ёки Лайлию Мажнунларнинг муҳаббат достонларидан бир фарқли жиҳати бор:

Уларнинг бошига тушган кўргўликлар Яманда "Facebook" фойдаланувчилари орасида катта акс-садога сабаб бўлади.

Ҳамма ошиқ-маъшуқларнинг саҳифасию суратлари билан бўлишиб кетади. Уларнинг суратларини ёқтирганлар сони қарийб 10 мингга етади.

Қолдирилган изоҳлар эса, ҳаттоки, миллатчилик тусини ҳам олиб кетади. Айрим яманликлар буни бадавлат қўшниларининг димоғдорлигига йўйишади.

Икки ёш билан юз берган бу каби ҳодиса бошқаларига оддий яманликлар ўз ҳақларини талаб қилиб кўчаларга чиқишган 2011 йилги халқ исёнини эслатиб юборади.

"Қиз бола боши билан маҳаллий урф-одатларга қарши чиққани учун ҳам ҳамма Ҳуданинг ёнини олмоқда", - дейди кунда-шундалик "Facebook" фойдаланувчиси бўлган 33 ёшли Фаҳад.

"Ҳуда эркакларнинг сўзи сўз бўлган бир жамиятда ўзи истаган кишига турмушга чиқмоқчи бўлди. Бизникига ўхшаш жамиятларда одамлар ўз эрки ва ҳақ-ҳуқуқларига эга эмас. Юз берган ҳодиса жамиятларимизнинг жиддий ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатади", - дейди у.

Бугун якшанба куни Ҳуда ва Арофатнинг устидан маҳкама жараёни бўлиб ўтади.

Фаҳад эса, маҳкама биноси қаршисида ошиқ-маъшуқларнинг ҳимоясига норозилик намойиши уюштирмоқчи.

Бу мавзуда батафсилроқ