18 ёшли Абдулмўмин ўзини нега ўлдирди?

Масъулларга кўра, ёшгина йигитча фақирлик сабаб ўз жонига қасд қилган.

Аён бўлишича, Абдулмўмин олган қарзларини тўлашга имконсиз бўлгани учун ҳам, бу ишга қўл урган.

Ҳодиса Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи шимолий Жаузжон вилоятида юз берган.

Яқинларининг Би-би-сига айтишларича, унинг қарзи 50.000 афғоний ёки қарийб 900 АҚШ доллари атрофида бўлган.

Бунча қарзни қайтаришга кўзи етмаган Абдулмўмин аввалроқ, "ўлимдан бошқа чорам йўқ", -деб ҳам айтиб юрган.

Бундан бир неча йил бурун отаси қазо қилган йигитча дўстининг уйида ишлаб, шунинг орқасидан топган тўрт танга пулига ўз тирикчилигини ўтказган.

Бахтсиз ҳодиса ҳам ана шу дўстининг уйида рўй берган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг расмий маълумотларига қаралса, биргина шу йилнинг ўзида бу каби ўлим ҳолларининг сони 20 дан ортган.

Фаоллар бунинг асосий сабабини қарздорлик, бекорлик ёки руҳий носоғломлик билан боғлашади.

Агар, хабарларга қаралса, бундан бир неча кун бурун ҳам худди шу вилоятнинг ўзида 15 ёшли ўсмир йигитча ўзини осиб ўлдирган.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, ҳатто, афғонистонлик мулозимларнинг ўзлари ҳам сўнгги йилларда қашшоқлик боис аҳоли орасида худкушлик ҳоллари ортиб бораётганини тан олишади.

Ўтган 10 йилдан ортиқроқ вақт бадалида берилган миллиардлаб долларлик ёрдам пулларига қарамай, Афғонистон ҳануз дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири саналади.

Мамлакатда ишсизлик чуқур илдиз отган, етарлича иш ўринлари йўқ ва борларида ҳам ойлик маошлари ҳаминқадар.

Иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган эмасми, мамлакатнинг аксарият аҳолиси истиқомат қилувчи чекка қишлоқ ҳудудларида кўпчиликнинг рўзғори деҳқончилик орқасидан ўтади.

Аммо ушбу соҳа йилларки ҳукуматнинг эътиборидан четда қолган, мутахассисларнинг ўзлари унинг ибтидоий аҳволда эканини таъкидлашади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра эса, бу каби вазият ёшларнинг турли исёнчи гуруҳлар сафларини тўлдиришларига сабаб бўлмоқда.

Муҳожиратга юз тутиш ва гиёҳванд моддаларга рўжў қўйишларига ҳам олиб келмоқда.