Эрон ядровий дастури бўйича Исроил "хато" деб айтаётган битимни олқишлади

  • 25 Ноябр 2013

Эронда дунё раҳбарлари билан ядровий дастур бўйича келишувга эришган музокарачилар тантанали қарши олинган.

Якшанба куни Женавада эришилган келишув ортидан нефт бозорларидаги нархлар пасайгани ҳам кузатилган.

Эрон 7 миллиард долларга тенг жазо чоралари юмшатилиши эвазига ядровий дастури билан боғлиқ айрим амалиётларни чеклашга рози бўлган.

Якшанба куни Теҳронга қайтган музокарачиларни қаршилаш учун Меҳробод аэропортига чиққан оламон гуллар ва Эрон байроқларини кўтариб олишган. Улар Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зарифни "тинчлик элчиси" дея олқишлашган.

Эрон давлат телевидениесига гапирган Зариф жаноблари Эрон мазкур келишув мақсадга мувофиқ амалга тадбиқ этилиши учун зарурий қадамларни ташлашга ҳозир эканини айтган. Аммо, унинг айтишича, Женевада эришилган олти ойлик муваққат битим Теҳрон томонидан ҳар қандай босқичда бекор қилиниши мумкин.

"Албатта, умид қиламизки, биз бунга бормаймиз", деб айтган Эрон Ташқи ишлар вазири.

Исроил тарафи эса, АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Британия ва Олмония ва расмий Теҳрон ўртасидаги битимни "тарихий хато" дея баҳолаган.

Исроил Бош вазирининг изоҳлари АҚШ ва Эрон битимга йўл очиш учун сўнгги ойлар бир неча бор юзма-юз учрашишгани, бироқ буни ўз иттифоқчиларидан сир тутишгани ҳақидаги хабарлар ортидан янграган.

Аввалроқ, Президент Барак Обама расмий Теҳрон билан келишувни олқишлаган ва бу "Эронни ядровий қурол ишлаб чиқаришдан тўхтатишга кўмак бериши" мумкинлигини айтганди.

Қўшма Штатлар Президенти Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуга сим қоқиб, Вашингтон Исроил олдидаги мажбуриятларига содиқ эканига ишонтиришга уринган.

Дунё раҳбарлари Эрон ядровий дастури қурол ишлаб чиқаришга қаратилган дея даъво қилишади. Эрон тарафи эса, бу иддаоларни ҳар доим рад қилиб келган.

Якшанба кунги телевизион чиқишида ҳам Президент Руҳоний мамлакати ҳеч қачон ядровий қурол ишлаб чиқариш томон бормаслигини таъкидлаган.

"Қандай талқин этилишидан қатъий назар, Эроннинг уранни тўйинтириш ҳуқуқи тан олинди", деб айтган Руҳоний жаноблари.

Теҳроннинг урғулашича, қувват станцияларида қўллаш учун бунга изн берилиши керак.

Бу мавзуда батафсилроқ