"Путиннинг оиласими... уни тинч қўйинг"

Владимир Путин ва собиқ рафиқаси Людмила
Image caption Путинлар ўтган ёз ажрашганлари ҳақида маълум қилишди

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Владимир Путиннинг оилавий ҳаёти ҳар доим махфий ушланади.

"Миш-мишлар кўп. Бироқ, биз Владимир Путиннинг оиласи ҳақида ҳеч нарса гапираётганимиз йўқ ва бу ишни қилмаймиз", деб айтган Песков жаноблари New Times журнали билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Путин учун оила - "ҳеч ким дахл қилиши мумкин бўлмаган шахсий ҳудуд".

Бу каби баёнотлар жаноб Путиннинг шахсан ўзи ва матбуот котиби тарафидан мунтазам янграб келган, аммо масала аввал бу қадар қатъий қилиб қўйилмаганди.

Кореялик куёв?

"Унинг тунги 3:00да Сеулга учиб боргани, кейин эрталабки 11:00да иш дастурини бошлагани ва ишни кеч тугатиб, яна дарров уйга учргани", нотўғри деб айтган жаноб Песков.

Жанубий Кореяда чиққан хабарларга кўра, Путиннинг Сеулга 12 ноябр кунги расмий сафари шахсий иши - қизининг тўйи бир йиллигини нишонлаш билан ҳам боғлиқ бўлган.

Жаноб Путиннинг кичик қизи Катерина Россиядаги Жанубий Корея элчихонаси собиқ ҳарбий атташеси ўғлига турмушга чиққани борасида матбуотда кўп ёзилган. Песков эса, бу маълумотни на тасдиқлаган ва на рад этган.

"Ёпиқ тизим"

Агар авваллари Россия президентининг оиласи ҳақидаги мавзуларни рус матбуоти атайдан четлаб ўтган бўлса, энди эса Ғарб матбуотига кўра, Путиннинг болалари ва ё собиқ рафиқаси атрофидаги махфийлик доираси тобора кенгайиб бормоқда.

Россия Президенти матбуот котиби бу махфийликни қисман Путиннинг оиласи ҳақидаги маълумотларни сайловчиларга етказиш зарурати йўқлиги билан ҳам изоҳлаган.

"Биласизми, унинг даражасидаги сиёсатчи учун оиласи ҳақида гапириш қачон керак? Қачонки, одамлар сайловда иштирок этаётган сиёсатчи ҳақида ҳеч нарса билишмаса, у ўзига тегишли барча маълумотлардан фойдаланиши керак. Сайловчини ишонтириш учун: қаранг, мен мана бундайман, шундай оилам бор, менга овоз беринг, дейди. Путин эса, сайловчига яхши таниш, унга овоз бераётганларга ўзи ҳақида ҳикоя қилишга эҳтиёжи йўқ", деб айтган жаноб Песков

Айни пайтда у президентнинг шахсий ҳаёти масаласи "бизда анчайин ёпиқ тизим" дея тан олган.

Ўтган июн ойида Владимир ва Людмила Путинлар ажралганлари ҳақида маълум қилишгунга қадар мамлакатнинг биринчи хоними бир неча йил қарийб омма кўзига кўринмади.

"Оиламни тинч қўйинг..."

Image caption Путин оиласи ҳақида матбуотга гапиришни истамайди

2012 йил мартида оиласи ҳақидаги саволлардан бирига жавоб бераркан, Путин жаноблари рафиқаси ва қизларини тинч қўйишни сўраганди.

"Оилам аъзолари сиёсат билан ҳам, бизнес билан ҳам шуғулланишаётгани йўқ, ҳеч қаерга бурунларини суқишмаяпти ҳам ва мен ҳамма уларни тинч қўйишини истардим. Бу уларнинг шахсий хотиржамлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ", деб айтган Владимир Путин хорижий матбуот бош муҳаррирларидан бири билан учрашуви чоғи.

Ўшанда Владимир Путин қизлари университетдаги таҳсилларини тугатиб, илмий иш билан шуғулланишаётгани ҳақида айтганди.

Президентнинг қизлари Санкт-Петербург давлат университетига кирганлари ҳақида 2003 йил маълум бўлган.

Ўша пайтда қизлардан каттаси Мария биолгия тупроқшунослик, Катерина шарқшунослик факультетларини танлагани хабар қилинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ