'Москвада исломий ташкилотнинг 14 аъзоси қурол-яроғ билан ҳибсга олинган'

Россия Ички ишлар вазирлиги хабар тарқатишича, 26 ноябрдан 27 ноябрга ўтар кечаси мамлакатда ноқонуний деб эълон қилинган "Ат-Такфир вал-Ҳижра" экстремистик ташкилотининг 14 аъзоси ҳибсга олинган.

Ҳибслар Москванинг шаҳрининг Шарқий округида амалга оширилгани хабар қилинган.

Полицияга кўра, тақиқланган исломий ташкилот аъзолари деб гумон қилинган шахслар ёнидан учта детонатор ва шикастлайдиган унсурлари билан қўлбола портловчи мослама, тўппончалар, ўқлар ва гранаталар топилган.

Россия полициячиларига кўра, ҳибс жойида экстремистик мазмундаги адабиёт ҳам топилган.

Ҳибсга олинганлар устидан жиноят иши қўзғатилиши хабар қилинган.

Ички ишлар вазирлиги бу борада бошқа тафсилотни ошкор этмайди.

"Ат-Такфир вал-Ҳижра" ташкилотининг 1960-1970 йилларда Мисрда ташкил этилгани, ўз олдига Мисрнинг дунёвий давлатига қарши қуролли кураш мақсадини қўйгани хабар қилинади.

Россия 2010 йилда ўз ҳудудида уни экстремистик деб тақиқлаган.

Мисрда "Ат-Такфир вал-Ҳижра" ташкилоти 1970 йилларда бостирилган, бироқ бу ташкилотнинг Оврўпо ва бошқа мамлакатлардаги аъзоларининг "Ал-Қоида"га алоқаси бор, деб ишонилади.

Россиялик мутахассисларга кўра, тақиқланган бу ташкилотнинг фаоллари собиқ Шўро мамлакатлари орасида илк бор Украинада беш йилча олдин аниқланган.

Экспертлар собиқ Шўро мамлакатларидаги "Ат-Такфир вал-Ҳижра" деб номланган ташкилот аъзоларининг Мисрда тузилган гуруҳга ҳақиқий алоқаси борлигини шубҳа остига олишади, балки бу ўз мамлакатларидаги дунёвий давлатчиликни истамаётган янги террорчи гуруҳнинг Мисрдаги номи танилган ташкилот номини ўзига олгани ҳақидаги эҳтимоллар ҳам илгари сурилади.

Россияда келгуси йил феврал ойида Қишки Олимпиада Ўйинлари мўлжалланган, шунинг учун бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилаяпти.

Олимпиадани издан чиқаришни истаётган кучлар борлигини айтиб, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари тажовузкор гуруҳларни зарарсизлантираётгани ҳақида хабарлар тарқатиб турибди.