ОИ Украина билан келишув масаласида муваффақиятга эришмади

Президент Янукович
Image caption Президент Янукович ўтган ҳафта қўққисдан Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини имзолашдан бош тортганди

Оврўпо Иттифоқининг Вильнюсдаги саммитида Украина билан битим бўйича муваффақиятга эришилмаган.

Украина Президенти Виктор Янукович ўтган ҳафта Россиянинг босими остида савдо ва ислоҳотлар борасидаги келишувни имзолаш режасидан воз кечганди.

Саммитнинг асосий мавзуси бўлган Украина битими Оврўпога яқинлашиш томон қўйиладиган йирик қадам бўлиши айтилганди.

Бироқ, йиғинда бошқа собиқ Шўро республикалари - Гуржистон ва Молдовадан розиликлар олинган.

Саммитда иштирок этган дипломатларнинг умид қилишларича, ҳар икки давлат билан ҳамкорлик келишуви келаси йил имзоланишига умид билдиришган.

Яна бир собиқ Шўро давлати - Озарбайжон виза тартибини юмшатишга қаратилган битимга қўл қўйган.

Украина шаҳарларида Оврўпо тарафдорлари ҳукуматнинг қарорига қарши норозиликларини давом эттиришган.

Президент Янукович эса, ўз қарорини Оврўпо Иттифоқи Украина иқтисодини ривожлантириш учун етарли молиявий ёрдам таклиф қилмагани билан изоҳлаган.

Аммо, Украина ҳамкорлик битимини "яқин келажакда" имзолаш ниятидан воз кечмаганини айтган.

Айни пайтда жаноб Янукович Оврўпо Иттифоқининг Украина собиқ бош вазири ва мухолифати раҳбари Юлия Тимошенкони қамоқдан озод қилиш талабини ҳам рад этган.

Бу мавзуда батафсилроқ