Телиасонера коррупция айбловларига алоқадор тўрт бошқарувчисини ишдан бўшатди

  • 29 Ноябр 2013
Image caption Телиасонера 2002 йилдан бошлаб Ўзбекистон телеком бозорида фаол иш юритган

Швециядаги энг йирик телеком ширкати Телиасонера ўзининг тўрт бошқарувчисини ишдан бўшатган.

Телиасонера бундай қарорга Norton Rose Fulbright - халқаро юридик ширкатининг Овросиё давлатлари билан бўлган ҳамкорлик юзасидан чиқарган хулосалари ортидан келган.

Ўтган йили швед матбуотида Телиасонера Ўзбекистонда иш юритиш лицензиясини олиш учун миллионлаб доллар пора берган, деган даъволар янграганди.

Мазкур даъволар ортидан Телиасонера мустақил текширув ўтказишга буйруқ берганди.

Швед матбуоти Гибралтарда қайддан ўтган Такилант ширкатини Телиасонерадан миллионлаб пора олишда шубҳа қилади. Такилант ширкатининг Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқаси борлиги айтилади.

Айни дамда Ўзбекистон Бош прокуратураси Такилантга эгалик қилувчи Ўзбекистон фуқаролари устидан жиноий иш қўзғатган.

Би-би-си Телиасонера бошқарувчиларининг ишдан олинишига оид тафсилотларни ўрганиш учун швециялик журналист Ола Вестербергга боғланди.

Ола Вестерберг: Мен бир оз муқаддам суҳбатлашган Телиасонера ижрочи директори Ёҳан Деннилинд ва раиси Мария Эҳрлингга кўра, тўрт бошқарувчи собиқ Совет иттифоқи таркибида бўлган мамлакатлар билан "бизнес этикасига зид иш юритгани учун" вазифаларидан бўшатилган. Аммо улар гап қайси ишлар ёки қайси бошқарувчилар ҳақида бораётганини маълумм қилганлари йўқ. Бошқарувчилардан фақат икки нафарини билишга муваффақ бўлдик. Улар - собиқ ижрочи директор Парона Блумкис ва ширкатнинг Овросиё бўлими собиқ бошлиғи Тере Кивисоридир. Эслатиб ўтаман, Телиасонера Овросиё мамлакатларидан Гуржистон, Молдова, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликка эга.

Би-би-си: Телиасонера ширкатининг юқори мулозимларининг ишдан олиниши Ўзбекистонга алоқадор коррупция жанжалига алоқадор бўлиши мумкин деб ўйлайсизми?

Ола Вестерберг: Ҳа, менинг назаримда шундай. Чунки, Тере Кивисори Ўзбекистон билан бўлган шартнома марказида бўлган. У Швеция прокурори томонидан расман порахўрликда гумон қилинган. Тере Кивисори Овросиё бўлими бошлиғи сифатида минтақа давлатлари билан йиллар давомида имзоланган қатор битимларнинг тузилишига тўғридан-тўғри алоқадор бўлган. Телиасонера халқаро юридик ширкатга Овросиёдаги ҳамкорлари билан охирги йилларда амалга оширган барча транзакциялар ва шартномаларни текшириб чиқишни топширган эди. Телиасонера бошқарувчиларни ишдан бўшатгани ҳақида юридик ширкат берган хулосалар ортидан эълон қилди. Юридик ширкат иши ҳали тугагани йўқ, лекин текширувлар апрел ойидан буён давом этмоқда. Айнан у чиқарган бошланғич хулосаларга таяниб Телиасонера ўз бошқарувчиларини ишдан ҳайдаган. Аммо, ҳозирча айнан қайси мамлакат билан "бизнес этикасига зид" ҳамкорлик қилинганини билмаймиз.

Би-би-си: Ўзбекистонда ҳам Бош прокуратура Телиасонера транзакцияларга алоқадор кўрилган "Такилант" офшор ширкати эгалари устидан жиноий иш қўзғатилган. Бу Телиасонера атрофидаги жанжалга алоқадор деб ўйлайсизми? Умуман "Такилант"га қарши жиноий иш Швеция томони талаби билан очилган бўлиши мумкинми?

Ола Вестерберг: Бўлиши мумкин. Аммо буни қатъият билан айтиш қийин. Телиасонера ижрочи директори менга текширув натижалари Швеция прокуратурасига тақдим этилганини айтди. Мен ундан сиз жиноят содир этилган деб ўйлайсизми, деб сўрагандимда у: текширувлар Швеция прокуратураси олиб бораётган терговга алоқадор бўлиши мумкин, деб жавоб қайтарди. Буларнинг бари, менинг назаримда, Телиасонера ширкатига янги идорий кенгаш аъзолари тайинланишига алоқадор бўлиши мумкин.

Би-би-си: Швеция прокуратурасининг Телиасонера устидан олиб бораётган тергови ҳозир қайси босқичда?

Ола Вестерберг: Терговлар ҳали анча давом этадиганга ўхшайди. Мендаги маълумотларга кўра, терговчилар бир неча мамлакат раҳбариятидан ёрдам олишга ҳаракат қилмоқдалар. Бундай ёрдам сўрови 12 мамлакатга бўлгани тилга олинади. Терговчилар дунёнинг турли нуқталаридан маълумот тўплашмоқда. Тергов жараёни анча йирик бўлгани учун унинг бу йил ниҳоя топмаслиги аниқ, дейишди терговчилар.

Би-би-си: Телиасонера Швециядаги энг йирик телекоммуникация ширкати ҳисобланади. Телиасонеранинг коррупцияга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабар Швецияда қандай қарши олинди?

Ола Вестерберг: Жанжал чиққан пайти Швеция ҳукумати ва парламенти анча кескин муносабат билдиришди. Пуллар миқёси ҳақидаги хабар кўпларни ҳайратга солганди. Агар коррупция ҳақидаги айбловлар ўз исботини топса, бу Швеция тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса бўлиши шубҳасиз.

Бу мавзуда батафсилроқ