Исроилда тез орада Рамзан Қодиров отаси номидаги масжид очилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Асосан Чеченистоннинг пулига қурилаётган масжид Исо пайғамбар ва шоҳ Сулаймоннинг қадами теккан қадимий Абу Ғош қишлоғида қад ростлаган.

Аҳмат ҳожи Қодиров номи берилган ушбу масжидга қадар Исроилда тўрт минорали бошқа масжид бўлмаган.

Хабарларга кўра, янги масжидда бир вақтнинг ўзида 3.000 мусулмон ўз намозини адо эта олади.

Олти ярим минг аҳолиси бўлган қишлоқнинг эски масжидига эса, бор-йўғи 150 нафар намозхон сиққан, холос.

Унинг бутун қурилиш ишлари нақ 10 миллион АҚШ долларига тушгани айтилмоқда.

Маблағнинг ярмидан кўпроғини Аҳмат ҳожи Қодиров жамғармаси берган. Қолганига қишлоқликларнинг ўзлари хайрия қилишган.

Янги масжид зарҳал гумбазининг учи 52 метрга етади ва ўзи буткул мармардан ишланган.

Янги масжиднинг барча ўймакорлик ишларини туркиялик ҳунармандлар текинга қилиб беришган.

Аён бўлишича, архитектураси ниҳоятда гўзал экани айтилаётган масжиднинг лойиҳаси устида "Чеченистон юраги" мажмуасини бунёд этган мутахассислар ишлашган.

Хабарларга кўра, қурилиш ишларидан Исроил томони ҳам бир четда қолмаган.

Улар масжиднинг қуйи қаватида кенгина ва баҳово қилиб, эҳтимолий портлашларга қарши паноҳгоҳ қуриб беришган.

Чеченистон президенти отаси номидаги янги масжид шундоққина Тель-Авив ва Қуддуси шарифни бир-бирига боғловчи шоҳ йўл ёқасида жойлашган.

Унинг қарийб 4.000 квадрат километр майдонни эгаллагани айтилади.

Чеченистонлик мулозимларга кўра, янги масжиднинг қуриб битказилиши баробарида Исроилдаги Аҳмат ҳожи Қодиров номидаги кўча ҳам буткул ободонлаштирилган.

Image caption "Чеченистон юраги" мажмуаси эса, яқинда Россиянинг рамзи деб топилганди

Абу Ғош аҳолиси аждодлари чеченлар бўлишгани, бу ерларга беш асрча бурун келиб қолишганини айтишади.

Қишлоқликларнинг сўзларига кўра, 1948 йилда Исроил давлатига асос солинаркан, иккиланиб ўтирмай унинг таркибига қўшилиб кетишади.

Қишлоқ собиқ ҳокими Салим Жабрнинг айтишича, бунга ўзларининг дин ва одам ажратмайдиган қилиб катта қилишгани сабаб бўлган.

Аён бўлишича, айнан ана шу чеченларнинг илтимоси билан Чеченистон томони ушбу ишга бош қўшган.

Чеченистоннинг молиявий кўмаги билан Исроилда янги масжид қурилармиш, деган хабар шу йил бошида ўртага чиққанди.

Чечен томони унинг имкон қадар тезликда қуриб битказилиши учун қўлларидан келган барча ишни қилишларини айтганди.

Президент Рамзан Қодировга кўра, "масжиднинг очилиши нафақат Россия ва Исроил, балки-да Чеченистон ва Исроил орасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди".

Хабарларга кўра, янги масжид қурилиши лойиҳасига Исроил томони қаршилик қилмаган.

Чеченистон раҳбарининг айтишича, марҳум отасининг номидаги масжид Исроилда гўзаллиги ва катталиги жиҳатдан Умар ибн ал-Хаттоб томонидан қурилган "Ал-Ақса"дан кейинги иккинчи масжид бўлади.

Янги масжиднинг очилиш маросимига шахсан Рамзан Қодировнинг ўзи Исроилга борармиш, деган хабарлар ҳам йўқ эмас.

Абу Ғош қишлоғи собиқ ҳокими Салим Жабр эса, тадбирга Исроил Бош вазири Беньямин Нетаняху ёки президенти Шимон Перес келади, деган ишончда.