Украина: намойишчилар ҳукумат биноси йўлини тўсиб олганлар

  • 2 Декабр 2013

Тунни Киев марказида ўтказган минглаб норози намойишчилар Президент Виктор Януковичнинг истеъфосини талаб қилмоқдалар, 2 декабр куни бутун Украина бўйлаб иш ташлашга чақириқлар янграган.

Якшанба куни намойишчилар Киев шаҳри ҳокимлиги биносини босиб олганлар, кўплар тунни ҳокимлик биносида, аксар намойишчилар Киевнинг Мустақиллик майдонида ўтказганлар.

Норозилик иштирокчилари Украина парламенти ва Марказий Банк биноси кириш йўлини тўсиб олганлар.

Пойтахт Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларидан келган юзлаб намойишчилар Киев шаҳри ҳокимлигини протестлар қароргоҳига айлантирдилар, деб айтган бино ичкарисидаги фаоллар.

Норозилик намойишлари ва тартибсизликлар Президент Януковичнинг Украинани Оврўпо Иттифоқига янада яқинлаштириш мақсади кўзланган келишувни имзолашдан воз кечганидан кейин бошланиб кетди.

2004 йилда айнан жаноб Янукович сайловда ютиб Украина президенти бўлди, деган расмий эълон минглаб украиналикларни "Зарғалдок инқилобига" олиб чиққан, шундан кейин сайлов натижалари бекор бўлиб, инқилобчилар ҳокимиятга келган эди.

Ўша зарғалдоқ инқилоби кунларида Ўзбек мухолифати етакчиларидан Исмоил Дадажонов Киевда бўлган эди.

У бугун хам Киевда. Исмоил Дадажонов Украина пойтахтидаги сўнгги ҳодисалар ва одамларнинг кайфияти ҳақида гапириб берди.

Тақиқлардан намойишларга

Бир кун олдин Киев шаҳри ҳокимлиги намойишларни тақиқлаш таклифи билан чиқди.

Гўё намойишлар янги йил байрамига тайёргарлик, янги йил арчаларини ўрнатиш амалларига халақит берар эмиш.

Ҳокимлик қарорини Киев шаҳри маҳкамаси ҳам маъқуллади, 1 декабрдан январ ойининг биринчи ҳафтасигача Украина пойтахтида намойишларни ўтказишни тақиқлади.

Бу тақиқни рад этган намойишчилар якшанба куни ҳам кўча ва майдонларга чиқдилар.

Кечаги норозилик амалиётларида 100 мингдан 500 минггача намойишчи қатнашган, деб кўрилади.

Намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди.

Расмийлар 100 тача полициячи жароҳатлангани ҳақида хабар тарқатдилар.

Украина парламенти спикери Влодимир Рибак айтишича, 2 декабр куни ҳукумат мухолифат билан музокара ўтказишни режалаган.

Барча тарафлар ўз нуқтаи-назарини ифодалаш имкониятига эга, деб айтган жаноб Рибак.

Истеъфо талаби

Мухолифатнинг лидерларидан бири Виталий Кличко ушбу акция муддатсиз эканлигини айтган: “Унинг якуни битта – бу жорий президент ва ҳукуматнинг интиҳосидир”.

“Халқ вечаси” (Халқ қурултойи) куни киевда тахминан 300 минг одам Украина ҳукуматининг истеъфосини сўраб кўчага чиққан.

Украина парламенти раиси Владимир Рыбак ҳукумат ва мухолифатни муроса қилишга чақирган.

“Ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам эртадан бошлаб муросани бошлаши керак”, - деган у “Интер” телеканали орқали чиқишида.

Якшанба куни бир неча юз фаоллар президент маъмуриятини ҳужум билан олишга ҳаракат қилганди.

Украина мухолифат вакиллари Банк кўчасидаги президент маъмурияти қошида бўлган тўқнашувларни Незалежности майдонидаги тинч акцияни йўқотиш учун ҳукумат томонидан уюштирилган иғво эканлигини айтди.

“Беркут” махсус бўлинмаси билан тўқнашувларда ўнлаб одам жароҳат олди. Украина ИИВ тахминан 100 нафар милиция ходими ҳам жароҳат олганини айтиб чиқди.

Тартибни сақлаш ходимлари намойишчиларга қарши ёш сиздирувчи газ ва тўқмоқларни ишга солди.

Фаоллар Касаба уюшмаси биносини ва Незалежности майдонидан унча узоқ бўлмаган Киев шаҳри мэриясини эгаллаб олишди.

Инқилобми?

НАТО бош котиби Андерг Фог Расмуссен Украинадаги томонларни зўравонликдан сақланишга, мамлакат ҳукуматини эса сўз ва тўпланиш эркинлигини ҳурмат қилишга чақирди.

Унинг айтишича, “Киевдаги кўплаб украинлар мамлакатнинг Оврўпа Иттифоқи билан янада яқин алоқаларини қўллашда қарорли эканликларини билдиришда давом этмоқда”.

Украинадаги оммавий норозилик акциялари инқилоб даражасига кўтарилди, - дейди “Учинчи Украина республикаси” ҳаракати лидери, собиқ ички ишлар вазири Юрий Луценко.

“Бизнинг режамиз тушунарли: бу энди митинг ёки акция эмас. Бу – инқилоб. Бугун бу ерда УССР ўлмоқда. Бу унинг дафн маросими”, - дуган у Незалежности майдонидаги чиқишида.

Украина мухолифати Оврўпа Иттифоқи билан ассоциация тузиш тўғрисидаги битимнинг имзоланмай қолишини “давлатга хиёнат” дея баҳолаганди.

Битимнинг имзоланишини кечиктиришни ҳукуматдагилар Россия томонидан босим ва Украин томонидан иқтисодий хавфларни камайтириш дея изоҳлаганди.

Расмий Киев Россия билан савдо-иқтисодий алоқаларнинг ёмонлашуви ортидан келадиган йўқотишларни қоплаш учун Оврўпа Иттифоқидан товон пули олишни истаган.

Президент Янукович битим келажакда имзоланишини билдирганди.