Таиланд Бош вазири истеъфо бермоқчи эмас

Image caption "Мен истеъфо бермайман ва ҳукуматни тарқатмайман. Ҳукумат халқ томонидан сайловларда сайлаб олинган", деб айтган Чинават хоним.

Менинг истеъфоимни сўраш ноқонунийдир, деб айтган Бош вазир Йиглак Шинават хоним. Мамлакат пойтахти Бангокда ҳукуматдан норози минглаб одамлар унинг кетишини талаб қилишмоқда.

Шинават хонимга кўра, намойишчиларнинг талаби конституцияга тўғри келмайди. Шундай бўлса ҳам улар билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирган.

"Мен истеъфо бермайман ва ҳукуматни тарқатмайман. Ҳукумат халқ томонидан сайловларда сайлаб олинган. Мен одамларни бахтли қилиш учун қандай имкониятим бўлса, амалга оширишга тайёрман...лекин мен бош вазир сифатида конституция доирасида иш қилишим керак",- деб айтган Йиглак Шинават хоним мухолифатнинг талабини инкор қиларкан.

Унинг таъкидлашича, мамлакат қуролли кучлари сиёсий қарама-қаршиликда бетараф қолади ва ўз бурчини бажариб, барқарорликни таъминлайди. Шу билан бирга 1 декабрда оммавий намойишлардан бошлангандан буён биринчи марта армияга чақириш бошланган.

Бош вазир армия мамлакатдаги барқарорликни сақлаб туришини билдирди.

Image caption Полиция билан тўқнашувларда тўрт киши ўлган, 50 дан ортиқ инсон яраланган.

Собиқ бош вазирнинг таъсири

Йиглак Чинаватнинг акаси собиқ бош вазир Таксин Шинават 2008 йил ҳарбий тўнтариш туфайли қудратдан ағдарилган ва мамлакатдан қочган эди.

Собиқ бош вазир ватанида коррупцияда айбланиб, сиртдан 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ҳукуматнинг амнистия ҳақида чиқарган қонун лойиҳаси Таиландда оммавий намойишлар бошланиб кетишига сабаб бўлди.

Мухолифатга кўра, ушбу қонун Таксин Шинаватнинг мамлакатга ҳеч нарса бўлмагандай қайтишига имкон беради.

Мухолифат Британиядан сиёсий бошпана олган собиқ бош вазир Таксин Шинават мамлакат сиёсатига ўз синглиси орқали таъсир ўтказиб келаётганига ишонади.

Ҳукуматнинг намойишчилар билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтишига қарамай, душанба куни намойишлар янги тўлқин билан авж олди.

Норози оломон ҳукумат биносига бостириб киришга уринган.

Полиция билан тўқнашувларда тўрт киши ўлгани, 50 дан ортиқ инсон яралангани хабар қилинганди.

Мухолифат етакчиларидан Сутхеп Тхиаксубан якшанба куни бош вазир икки кун ичида истеъфога чиқиши кераклиги ҳақида талабни қўйди.

Бу мавзуда батафсилроқ