'Ким ВИЧга чалинган, оила қурмоқчиман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўзи ҳукумат мулозими эса-да, ҳиндистонлик Анил Валив махсус веб саҳифаси ёрдамида ОИТС вирусини юқтирган ўнлаб инсонларнинг бошларини қовуштиришга муваффақ бўлибди.

Анил Валив совчилик хизматини кўрсатувчи PositiveSaathi.com саҳифасини ВИЧга чалинганлар учун текинга очиб қўйган.

Агар, "Saathi" нима дегани десангиз, ҳиндчада дўст ёки ҳамкорни англатади.

Ушбу веб саҳифадан фойдаланувчиларнинг сони эса, ўтган 7 йил ичида беш минг кишидан ортиб кетган.

Энг қизиғи, ўзларига ВИЧ юқтирган умр йўлдоши излаб, веб саҳифадан қайддан ўтганларнинг аксарияти Ҳиндистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларидан.

Бор-йўғи 250 га яқинини хорижда яшовчи ҳиндистонликлар ташкил этишади, холос.

Агар, Ҳиндистоннинг қишлоқ ҳудудларида интернетга имкониятнинг қанчалик ҳаминқадар экани назарда тутилса, бу рақамларнинг аҳамияти янада ортади.

Уларнинг ҳаммаси ўзларига ҳаёт йўлдоши топиб бергани учун Анил Валивдан жуда миннатдорлар.

43 ёшли веб саҳифа асосчисининг нақлиёт бошқармасида иши бошидан ошиб-тошиб ётган бўлса-да, ВИЧга чалинган инсонларга шахсан ўзи совчилик қилган пайтлар ҳам кўп бўлган.

Дейлик, у кишининг тенгдоши бўлган пунелик рикша ҳайдовчиси Рамеш Донгде улардан бири бўлади.

Рамеш Донгде бундан 11 йил бурун марҳум хотинидан ВИЧ вирусини юқтирганини билиб қолади.

У, "Бўлди, ҳаммаси тамом", деган ўйга бораркан, ҳаммасидан ҳам ёлғиз қизининг тақдиридан ташвишга тушиб қолади.

Шунда жаноб Валив пунелик рикша ҳайдовчисининг жонига оро киради.

Бундан икки йил бурун ўзи орага тушиб, Рамеш Донгдега ҳозирги хотини, аввалги турмушидан ажраган 33 ёшли бир жувонни топиб беради.

"Яна оилавий ҳаётимни тиклаб олишим менга янги куч-қувват берди. Хасталикка осонлик билан бўйин эгмасликка ундади", - дейди у.

Ҳаммаси текинга, аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Жаноб Валив веб саҳифасини текинга юритиш билан бирга, ўз хизматини таклиф этувчи эълонларни чоп этиш, тарқатиш ишларини ҳам ўз ёнидан қилади.

Унинг айтишича, ВИЧга чалинган инсонлардаги гуноҳ ва чорасизлик ҳисси боис, уларнинг кўнгиллари йўл топиш ҳам осон бўлмайди.

Устига устак, ОИТС вирусини юқтиришганига қарамай, улардан аксарияти ўзларининг табақаларидан бўлган умр йўлдоши топиб беришимни хоҳлашади, дейди жаноб Валив.

"Мижозларимдан аксарияти оила қурмасанг бўлмайди, деб оёқ тираб олган яқинларидан ўзларининг ВИЧга чалинганликларини яширишади. Ҳамма муаммо ана шунда".

Бошқа томондан, айниқса, қизлари бўлган бева аёлларнинг қисмати оғир экан.

Чунки сарпо-суруғини ўйлаб, улар билан оила қураман деганлар оз учраркан.

Янги умид

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

"Менинг вазифам - воситачилик қилиш. ВИЧга чалинган инсонлар аввалига веб саҳифам ёки учрашувларим орқали бир-бирлари билан танишишади. Уёғига ўзлари топишиб кетишади", - дейди жаноб Валив.

Унинг айтишича, шунинг учун ҳам улардан аниқ қанчасининг оила қуриб кетишгани ҳақида бир сўз дейиш қийин.

Аммо, агар веб саҳифада қолдирилган миннатдорчилик изҳоротларига қаралса, бу каби жуфтларнинг сони 400 тачани ташкил қилади.

Уларнинг орасида Сингапур, Буюк Британия, Олмония ва дунёнинг бошқа давлатларида яшаётган ҳиндистонликлар ҳам бор.

Жаноб Валив ўз фаолиятининг муваффақияти ҳақида сўз кетганда, 2010 йилни алоҳида тилга олади.

Унинг айтишича, ўша йили Пунеда бир куннинг ўзида 22 жуфт бошларини бир ёстиққа қўйишган.

Ўша куни бахтини топганлардан бири тиббиёт ходимаси бўлган Лата хоним бўлади.

Унинг биринчи эри 2002 йилда ВИЧ вируси сабаб ҳаётдан кўз юмган.

Бор-йўғи 26 ёшида экани чоғи унинг ўзида ҳам ушбу вирусни топишади.

Ҳали 1 ёшга ҳам тўлмаган ўғилчасининг ҳам ВИЧ вирусини юқтирганини билгач, Лата ҳаётдан буткул умидини узади.

Бироқ Лата айнан Анил Валивнинг кўмагида ҳозирги эри Вижайни учратади.

Вижайнинг хотини ҳам ВИЧ вируси туфайли ҳаётдан кўз юмган. Ўзи ҳам 12 йилдирки, ана шу вирус билан яшайди.

Аммо ҳозир 2 ёшда бўлган ўғиллари Риши ҳам ВИЧ вируси билан туғилади.

Лата ўзларининг бундай кўргўликка чидашлари жуда қийин бўлаётганини айтади.

Лекин жаноб Валивга кўра, ўзининг ёрдами билан оила қурган йигирмадан ортиқ жуфтнинг болалари соғлом дунёга келишган.

Веб саҳифам оммалашиб бораркан, дўстларим, бошқа хайрихоҳ бўлган инсонлар ва ташкилотлар ўз ёрдамларини таклиф этишмоқда, - дейди у.

Ҳозир жаноб Валив ўзининг веб саҳифасидан ОИТС хасталиги сабаб етим қолган болаларга кўмак бериш ишларини уюштиришда ҳам фойдаланмоқда.

"ВИЧ ҳеч кимнинг орзулари йўлига тўғаноқ бўлмаслиги керак", - дейди у.