Украина: Николай Азаров ҳукумати ўз ўрнида қолди

Image caption Олий Рададан ташқарида намойишчилар "Истеъфо" деб қичқиришган.

Украина мухолифатининг Олий Рада орқали ҳукумат истеъфосига эришиш талаби амалга ошмади. Ҳукуматни тарқатиш учун овоз берганлар сони талаб қилинган ҳисобга етмаган.

Николай Азаров ҳукумати истеъфосини ёқлаб 186 депутат овоз берган, бу Олий Рададаги таркибнинг ярмидан камдир. Бошқарувдаги Регионлар партияси ҳукуматда 204 ўринга эга.

"Баткивщина" партияси етакчиси Арсений Яценюк Оврўпо Майдонида қилган чиқишида мухолифат энди президент Виктор Януковичдан ҳукуматни тарқатиш ҳақида қарор чиқариш ва муддатдан олдин парламент ва президентлик сайловлари эълон қилишни сўрашини айтди.

Олий Рададаги овоз бериш ташқарида кўп минг кишилик норозилик намойишлар манзарасида кечди.

Олий Рада биноси олдида тўпланганлар "Истеъфо" деб бақиришган.

Мухолифат украиналикларни Майдондаги муддатсиз намойишларга қўшилишга чақирмоқда.

Бугун ҳам Мустақиллик Майдонида 10 минглаб кишилар намойишларда қатнашгани хабар қилинади.

Бош вазир Олий Радада рус тилида чиқиш қилиб, мухолифатни ҳокимиятга келиш учун мамлакатда беқарорликни юзага келтираётганликда айблади.

Николай Азаровнинг таъкидлашича, ҳукумат Оврўпо Иттифоқи билан келишувдан воз кечмайди. Фақат Украина учун манфаатли жиҳатларни қайтадан кўриб чиқиш лозим, деб айтган бош вазир.

Норозилик намойишлари ва тартибсизликлар Президент Януковичнинг Украинани Оврўпо Иттифоқига янада яқинлаштириш мақсади кўзланган келишувни имзолашдан воз кечганидан кейин бошланиб кетди.

"Беркут" махсус бўлинмаси билан тўқнашувларда ўнлаб одам жароҳат олди.

Тартибни сақлаш ходимлари намойишчиларга қарши ёш сиздирувчи газ ва тўқмоқларни ишга солди.

Фаоллар кеча Касаба уюшмаси биноси, Киев шаҳри ҳокимлигини эгаллаб олишган, душанба куни парламентга кирадиган йўлни тўсган намойишчилар президент ва ҳукумат истеъфосини талаб қилишган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ