НАТО Киевда ҳаддан ошиқ куч қўлланганини қоралади

НАТОга аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари Киевда намойишчиларга қарши ҳаддан ташқари кўп куч қўлланганини қоралаб чиқдилар.

Брюсселдаги учрашувда чиқарилган қўшма баёнотда улар расмий Киевни мухолифатга нисбатан тоқатлироқ бўлишга чақирдилар.

Аввалроқ АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Украина ҳукуматини халқ овозига қулоқ солишга чақирган.

Сешанбада Украина Бош Вазири Николай Азаров намойишчиларга қарши полиция қўллангани учун парламентда кечирим сўради.

Айни куни Украина мухолифати ҳукуматнинг истеъфоси борасидаги қарорга парламентда етарлича овоз ола олмади. Барча намойишчилар "Евромайдон"га йиғилишга чақирилганлар.

"Батькивщина" фракциясининг раҳбари Арсений Яценюк "Евромайдон"даги минбардан гапира туриб, мухолифат Президент Виктор Януковичдан ўз фармойиши билан ҳукуматни тарқатиш, ҳамда муддатидан аввал парламент ва президент сайловларини чақиришини талаб қилаётганини айтди.

Юқори Рададаги овоз бериш жараёни парламент деворлари ташқарисида кўп минглаб одамлар намойиш қилаётган манзарада ўтган.

Овоз бериш натижалари Мустақиллик майдонида эълон қилингач, мухолифатчилар воизи барча фуқароларни Майдонда муддатсиз намойиш ўтказишга чақирди.

Соат 15:00га бориб Мустақиллик майдони бир неча ўн минглаб одамларга тўлган.

Намойишчилар Банк кўчасидаги президент маъмурияти биноси йўлини тўсиб олганлар. Президент Януковичнинг ўзи Хитой сафарида.

Норозиликлар ўтган ҳафта Президент Януковичнинг Оврўпо Иттифоқи билан яқинроқ алоқаларни таъминловчи келишувга имзо чекишдан бош тортиши ортидан келиб чиққан. Янукович жаноблари ўз қарорига Россия босими сабаб бўлганини айтган.