Дунё Мандела билан видолашмоқда

Image caption Якоб Зума:"Миллатимиз энг буюк ўғлонидан айрилди"

Жанубий Африканинг илк қора танли президенти ва апартеидга қарши кураш тимсоли Нелсон Мандела 95 ёшида оламдан ўтди.

Мандела 1990 йилларда Жанубий Африкани оқ танли озчиликлар бошқарувидан ўтиш даврига бошчилик қилганди.

Бундан олдин эса, у умрининг 27 йилини қамоқда ўтказганди.

Нелсон Мандела ўпкасига инфекция тушиши ортидан 3 ой шифохонада, кейин эса, уйида узлуксиз тиббий назорат остида қолаётганди.

Жанубий Африка миллий телевизиони орқали берган баёнотида Зума жаноблари Нелсон Мандела вафот этганини маълум қилган.

"Миллатимиз ўзининг буюк ўғлонини йўқотди”, деб айтди Якоб Зума.

АҚШ Президенти Обама эса, Нелсон Манделанинг ҳаёт йўли инсоният ва мамлакатлар яхши томонга ўзгариши мумкинлигини ўзида номоён этгани ва Мандела шахсан ўзини илҳомлантириб турганини эътироф этган.

Дунё севган арбоб

Нелсон Мандела дунёдаги энг обрўли давлат арбобларидан бири эди.

У Жанубий Африкадаги апартеид тузумини мавҳ қилиш ва турфа ирқлилик асосида демократик давлат қуриш учун курашди.

27 йил зиндонбанд этилган Мандела жаноблари алал-оқибат мамлакатнинг илк қора танли президенти бўлди.

Асосан икки ирқ ўртасидаги зиддиятнинг бошқа жабҳаларини бартараф этиш ва тинчлик ўрнатиш учун курашди.

Нелсон Манделани том маънода дунё севди.

Бу таъбир жоиз бўлса глобал муҳаббат остида унинг аччиқ ўтмиши учун аламзада эмаслиги, ҳазилкаш ва меҳрибонлиги ётар эди.

1999 йилда у мамлакат президентлигидан истеъфога чиқар экан, Жанубий Африканинг мисли кўрилмаган даражада машҳур “элчиси”га айланди.

СПИД хасталигига қарши курашга бел боғлади.

Жанубий Африка 2010 йилда футбол бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши учун тер тўкди.

Конго Демократик Республикаси, Бурунди ва бошқа Африка давлатларига тинчлик келтириш йўлида ҳам жон куйдирди.

2004 йилда 85 ёшли Мандела жаноблари жамоатчилик ишларидан толиққанини ва оила аъзолари ҳамда дўстлари билан кўпроқ вақт ўтказиш ниятида эканини айтиб ўзига хос “истеъфо” берди.

"Менга телефон қилманг, мен ўзим телефон қиламан”, деб ўзини турфа маросимларга таклиф этиш ниятида бўлганларни огоҳлантирди.

Буюк йўлбошчи

Мандела жаноблари (Ролиҳлаҳла Далибҳунга) 1918 йилда Мадиба қавмининг Хҳоса тилида гаплашувчи Тембу қабиласида таваллуд топди.

Жанубий Африкада кўпинча уни қавм номи билан Мадиба деб чақиришарди. Мактабда эса ўқитувчиси унга Нелсон деб ном берди.

Унинг отаси Тембу ( Thembu) Қирол оиласида мулозим эди. Нелсон Мандела тўққиз ёшида отасидан айрилди. Мандела ўз қавмининг қарамоғида қолди.

У Африка Миллий Конгрессига 1943 йили аъзо бўлди.

Кейинроқ Конгресснининг Ёшлар қанотини ташкил қилиб, Африка Миллий Конгресси Ёшлар Лигасининг президенти бўлди.

Кейинроқ 10 йил қамоққа ўтириб чиқиб Конгрессга ҳам Президент бўлди.

У илк бор Эвилин Мейзга 1944 йилда уйланди.

1958 йилда ажрашди. Эвелин билан Манделанинг тўрт фарзанди бор эди.

1952 йилда Нелсон Мандела ҳуқуқшунос дипломини олди.

Йоҳаннесбургда ўз шериги Оливер Тамбо билан иш бошлади.

Икковлон апартеидга қарши курашди.

Апартеид фақат кам сони оқ танлилардан иборат Миллий Партиянинг кўпчилик қора танлиларга қарши бўлган бир тузум эди.

1956 йилда Мандела жаноблари 155 нафар бошқа фаоллар билан хиёнатда айбланди, аммо унга қарши айбловлар тўрт йил давом этган маҳкама жараёнида бекор қилинди.

Апартеидга қаршилик кучайиб борди. Бунга сабаб янги Рухсат Қонуни чиқди ва унда қора танлиларга қаерда яшаш ва ишлаш мумкинлиги кўрсатиб қўйилганди.

1958 йилда Нелсон Мандела Винни Мадикизелага уйланди. Винни орадан бир муддат ўтиб ўз эрини турмадан озод қилиш учун қаттиқ курашади.

1960 йилга келиб Африка Миллий Конгресси қонундан ташқарида деб эълон қилинди.

Конгресс яширин ҳаракат йўлига кўчди.

Image caption Манделанинг ёшлиги

1960 йилда Шарпвил шаҳарчасида намойиш чоғи 69 нафар қора танлилар полиция томонидан отиб ўлдирилганидан кейин апартеид режимига қаршилик кучайиб кетди.

Бу тинч қаршилик кўрсатиш ҳаракатига чек қўйди.

Конгресснинг вице-президенти бўлган Мандела жаноблари иқтисодий саботаж йўлини танлади.

Алал-оқибат Манделани ҳибсга олишди.

Ҳукуматни зўравонлик йўли билан ағдаришга уринишда айблашди.

Маҳкамада у демократия, озодлик ва тенглик ҳақида нутқ сўзлади.

"Мен демократик ва озод жамиятни орзу қилдим. Бу жамиятда ҳамма биргаликда, тенг имкониятлар асосида уйғунликда яшайди”, деди.

"Бу орзу яшашга ва унга эришишга арзигуликдир, аммо агар лозим бўлса мен ўлимга ҳам тайёрман”, деган эди Мандела жаноблари.

1964 йилнинг қишида Манделани умрбод қамоқ жазосига ҳукм қиладилар.

1968 йилдан 1969 йилгача бир йил ичида унинг онаси оламдан ўтди. Катта ўғли йўл ҳалокати қурбони бўлди. Аммо унга дафн маросимида қатнашиш учун изн бермадилар.

Мандела жаноблари Роббен оролидаги қамоқхонада 18 йил тутқун бўлди.

1982 йили уни Полсмур қамоқхонасига кўчирдилар.

Мандела ва Конгресснинг бошқа раҳбарлари қамоқда қолар ва ё муҳожирликда яшашар экан, Жанубий Африканинг ёшлари кам сони оқ танлиларнинг ҳукмдорлигига қарши имкон қадар курашдилар. Исён давомида юзлаб қурбон берилди, минглаб одамлар жароҳатланди.

1980 йилда Тамбо жаноблари муҳожирликда эди ва Манделани озод қилиш учун халқаро ҳаракатни бошлаб юборди.

Жаҳон ҳамжамияти 1967 йили апартеидга қарши ўрнатилган жазо чораларини яна ҳам кескинлаштирди.

Халқаро босим самара берди. 1990 йилда Президент Клерк Африка Миллий Конгрессига ўрнатилган таъқиқни бекор қилди.

Мандела озод бўлди ва Жанубий Африкада турфа ирқ тенглигига асосланган демократия бўйича музокаралар бошланди.

Нобел мукофоти

1992 йилда Мандела рафиқаси Винни билан ажрашди. Виннини одам ўғирлаш ва ҳужумга ёрдам беришда айблаб ҳукм қилишди.

1993 йил декабр ойида Мандела ва де Клерк Нобел мукофотига сазовор бўлишди.

Беш ой ўтиб мамлакат тарихида илк бор озод сайловлар кечди ва Мандела жаноблари президент этиб сайланди.

Энг катта муаммо камбағалларни турар жой билан таъминлаш эди.

У кундалик давлат юмушларини Табо Мбекига топширди. Ўзи эса Жанубий Африканинг обрўсини тиклаш йўлида ҳаракат қилди.

Image caption СПИДга қарши яловбардор

Бу билан Мандела жаноблари мамлакатдаги йирик хорижий ширкатларни Жанубий Африкада қолиш ва сармоя киритишга кўндирди.

80 ёшида у Мозамбик президентининг беваси Граса Мачелга уйланди.

1999 йилда президентликдан истеъфо берар экан, Мандела жаноблари асосан Мандела Жамғармасининг ишлари билан банд бўлди.

Бу жамғармани унинг ўзи ташкил қилганди.

Аммо шу билан бирга у жаҳон кезди. Дунё раҳбарлари билан учрашишни давом эттирди. Анжуманларда қатнашди.

89 ёшида у Оқсоқоллар гуруҳини тузди. Бу гуруҳ дунёнинг кўзга кўринган арбобларини тўплаб, “ жаҳондаги энг мушкул муаммолар ҳалида” кўмак беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди.

2005 йилда унинг ўғли Макгато вафот этди.

У пайтлар СПИД ҳақида ошкора гапириш оғир эди. Мандела жаноблари ўз ўғлининг СПИДдан ўлганини айтди, Жанубий Африкаликларни ҳам шундай йўл тутиш ва СПИДга “ нормал бир касалликка” қарагандай муносабат қилишга даъват қилди.

Бу мавзуда батафсилроқ