Ўзбекистон: "коммунистик мафкура"дан ҳоли русча-ўзбекча луғат нашр этилди

Image caption Янги русча-ўзбекча луғат коммунистик мафкурадан ҳоли экани айтилмоқда

Ўзбекистонда "Совет давридаги коммунистик мафкура"дан ҳоли русча-ўзбек луғат нашрдан чиқди.

"Ўзбекистон миллий энциклопедияси" давлат илмий нашриёти "Русча-ўзбекча луғат"нинг янги нашрини чиқарди.

ЎзА хабарига кўра, луғат 5 минг нусхада чоп этилган ва сотувга чиқарилган.

"Ушбу янги нашрда таржимаси Совет давридаги коммунистик мафкура нуқтаи назаридан берилган кўплаб сўзларнинг, хусусан, ижтимоий-сиёсий, диний-фалсафий, тарихий, иқтисодий терминларнинг маъноси энг сўнгги манбаларга таянган, қиёсланган ҳолда холисона изоҳланган. Ҳозирги имло амалиётидан келиб чиққан ҳолда, айрим сўзларнинг ёзилишига аниқликлар киритилган", – дейилади ЎзА хабарида.

Янги луғатда 60 мингдан ортиқ сўз ўрин олган.

Китоб кенг китобхонлар оммасига ва, аввало, рус тилини ўрганувчиларга мўлжалланган.

У таржимонлар, ноширлар, матбуот, радио ва телевидение ходимлари учун ҳам муҳим қўлланма бўлади, дейилади ЎзА хабарида.

Айни хабарни kun.uz веб саҳифаси ҳам тарқатган.

"Энди коммунистик мафкурага оид сўз, ибора учраб қолса бош қашиб ўтирарканмиз-да?," - деб ёзади веб фойдаланувчи “Shukhrat Nazarov” kun.uz вебсайтининг Twitter сахифасида.

Бу хабар Facebook тармоғидаги профессионал ва ҳаваскорлар таржимонлар гуруҳида ҳам кенг муҳокама қилинган.

"Зўр хабар. Беш минг нусха бу оз эмасми? Лекин, тўғри, одамларнинг электрон нусхаларга кўпроқ суяниб қолганининг ҳам таъсири бўлса керак", - дейди "Sayfulloh Nosir"

"Abu Yusuf" никли фойдаланувчи эса китобни қаердан сотиб олиш мумкинлигини сўраган.

"Hamidbek Yusupov" эса луғатнинг кирил алифбосида чиққанини савол остига олган.

"Лотинда баъзи ҳарфларда ҳали ҳам иккиланиб, якуний хулосага келмай турганларидан шундай қилишган, деган гумондаман. Чиндан ҳам лотин алифбоси ҳали анча чала," - дея жавоб қайтаради "Sayfulloh Nosir"

"Улар манимча битта мафкурани иккинчисига алмаштирганов. Ишқилиб луғат бўлсинда. Тағин кинодагидек, рус тили жуда бой тил, суббота десаям бўлади, шестница десаям бўлади, деган гаплар чиқмасин," - дея фикр билдирган "Abdukarimov Abdurashid".

"Rozmetov Daniyor" никли фойдаланувчи "битта луғат"ни чиқаришга 20 йилдан ортиқ вақт, қойил, дея истеҳзо қилган.

"Sardor Salimov": "75 000 som ekan o'zini narxi, endi sotuvga chiqadi. Lekin 244 3438 (Nashriyot) bilan gaplashib sotib olsangiz bo'ladi."