Нелсон Мандела - дунёни ўзгартирган инсон

  • 6 Декабр 2013

Дунёнинг етакчи мамлакат раҳбарлари Нелсон Мандела ўлими муносабати билан Жанубий Африка халқига таъзия билдирмоқда.

Жанубий Африка Республикаси Президенти Жейкоб Зума Манделани халқ отаси деб атар экан, жанубий африкаликлар миллий бирлиги ва ҳаётига ҳеч ким у каби катта таъсир кўрсатмаганини таъкидлади.

Жаноб Зума Манделанинг дафн маросимигача мамлакатдаги барча байроқлар туширилиши ва Нелсон Мандела халқ отаси сифатида дафн этилишини билдирди.

Жанубий африкаликлар миллат халоскори бўлган инсоннинг вафотидан қайғуриб, унга ҳурмат бажо келтирмоқдалар.

Би-би-си мухбири Майк Вулриджнинг хабар қилишича, Манделанинг Йоханнесбургдаги уйи ташқариси эрталабги 4 дан бошлаб катта сондаги, жумладан, ҳукуматга тегишли автомашиналар билан тўлган,мухбиримизга кўра, жанубий африкалар ўз халоскорлари деб билувчи инсоннинг ўлимидан чуқур қайғуга тушишган.

Ўтган тун Манделанинг уйи атрофида катта сондаги оломон тўпланган, кўплар ирқчиликка қарши кураш давридаги қўшиқларни куйлашган. Одамлар ўзлари билан болаларини ҳам олиб келишган.

Мухбиримизнинг сўзларига кўра, кўз ёш тўкаётган аёллардан бири Нелсон Мандела унга "кечиримли бўлишни ўргатган"ини айтган.

Жаноб Мандела 1994 йил Жанубий Африканинг биринчи қора танли президенти бўлишидан олдин, ҳаётининг 27 йилини турмада ўтказган.

Унинг ҳукумати тарихда апартеид номи билан қолган Жанубий Африкадаги ирқчи режимнинг ўрнини эгаллаган.

Лондонда пайшанба куни Манделанинг ҳаёт йўли тўғрисида суратга олинган "Озодликка томон олис йўл" филмининг премераси бўлиб ўтган. Томошабинлар филм ниҳоясида Манделанинг ўлимидан хабар топганлар. Премьерага келган Манделанинг оила аъзолари филм ярмида намойишни тарк этишган.

АҚШнинг биринчи қора танли президенти Барак Обама Манделанинг ҳаёт йўли инсоният ва мамлакатлар яхши томонга ўзгариши мумкинлигини ўзида номоён этгани, халқининг озодлиги эвазига ўз озодлигини қурбон қилганини урғулаган, шунингдек ўзининг шахсий ҳаётини у берган улкан сабоқсиз тасаввур этолмаслигини эътироф этган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун "Мандела ўзининг тенглик, озодлик ва одамларнинг қадр-қиммати учун беминнат кураши билан дунёдаги кўпчиликнинг ҳаётига беқиёс таъсир кўрсатган улкан инсон" деб атади.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон, Манделани бутун дунёдаги инсонлар учун улкан ёруғлик манбаси эди, дейди. Даунинг стритдаги байроқ Мандела хотираси ҳурмати учун пастга туширилган.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам Жанубий Африка республикасига таъзия изҳор этган.

"Мандела, тақдирнинг оғир синовларидан ўтиб, умрининг сўнггигача ўзининг ёруғ инсонпарварлик ва адолат ғояларига содиқ қолди", дейилади Путиннинг Президент Зумага юборган мактубида.

ССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачев Манделанинг ўлимидан қайғуга тушганини айтган ва Мандела озодлик учун кураш тимсолига айланганини таъкидлаган. Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай эса Би-би-си пашту хизматига юборилган видео баёнотида жаноб Мандела фақат Африкадаги қора танлиларнинг ҳуқуқлари учун эмас, балки бутун инсониятнинг ҳақлари учун курашганини айтган.

АҚШнинг собиқ президенти Жорж Бушга кўра, "Президент Мандела озодлик ва тенглик учун улкан курашчи эди. Дунё айнан унинг намунасида ижобий жиҳатга ўзгарди".

Қиролича Елизавета II Манделанинг ўлимидан "чуқур қайғу"га тушганини билдирган.

"У мамлакати манфаатлари учун тинмай ишлади ва унинг қолдирган мероси тинч Жанубий Африкани биз бугун кўриб турибмиз", деган қиролича.

Шаҳзода Уилям Мандела кўп одамларни илҳомлантирган бошқаларга ўхшамаган инсон бўлганини айтади.

"Худо бизга Нелсон Манделани бериб, тарихимиздаги ҳал қилувчи паллада улкан мурувват кўрсатди , дейди фахрий архиепископ Десмонд Туту.

Вашингтон, Париж ва бутун Жанубий Африканинг давлат идораларидаги байроқлар пастга туширилган.

ФИФА халқаро футбол федерацияси ҳам стадионлардаги байроқларни туширишга буйруқ берган.

Преториядаги парламент жаноб Манделанинг ҳаёти ва меросини махсус йиғилишда ёдга олади.

Жанубий Африканинг жамоатчилик бинолари ва бутун дунёдаги элчихоналарда таъзия китоблари очилиши айтилган.

Душанба куни Йоханнесбургдаги тўққиз мингдан ортиқ одамга мўлжалланган стадионда миллий мотам маромиси бўлиб ўтади.

Сешанба куни эса Преторияда уч кунлик махсус маросимлар бошланади, унинг биринчи куни хорижий давлат раҳбарларига ажратилган.

Бир ҳафдан сўнг Нелсон Манделанинг жасади шарқий Кейпга олиб кетилади ва жаноб Мандела ўсиб улғайган Қуну қишлоғидаги расмий дафн маросимидан сўнг унинг жасади тупроққа берилади.

Бу мавзуда батафсилроқ