Швеция маҳбуслар камлигидан қамоқхоналарини ёпа бошлаган

Швециянинг Denik нашрига кўра, мамлакатдаги ҳар 100 минг аҳолига 47 маҳбус тўғри келар экан.

Бу рақам АҚШда 730, Россияда 486, Олмонияда 83 нафарни ташкил қилган.

Ўзбекистонда қанча маҳбус борлиги расман ошкор этилмайди. Бундан бир неча йил олдин Россиядаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази келтирган ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда диний-сиёсий маҳбусларнинг ўзи тахминан 12 минг ёки ундан анча ошиқ бўлиши мумкин.

Кўп мамлакатлар қамоқхоналарида маҳбусларга жой етишмаслиги сабабли маҳбусларнинг яшаш шароитлари аянчли аҳволда қолаётгани ҳам айтилади.

Швецияда эса 2004 йилдан бошлаб маҳбуслар сони йилига бир фоиздан камайиб боргани кузатилган.

2011-2012 йилларда бу рақам бирданига олти фоизгача қисқарган. Ҳукумат бу билан чегарланиб қолмаслигини айтади.

Шу боисдан Швецияда шу пайтга қадар беш қамоқхона ва бир вақтинчалик тергов бўлими ёпилган.

Кузатувчилар маҳбуслар сонининг қисқаришини қисман Швециядаги либерал тизимга боғлашади. Мамлакатда жазони ўташнинг муқобил турлари кенг тарқалган. Жумладан электрон боғичлар шундай жазо турларидан бири бўлиб, жазони ижро этиш идораларида фойдаланиш кенгайиб бормоқда.

Аҳолиси 9,1 миллион бўлган Швецияда жами 4 500 маҳбус бор.

Расмийларнинг таъкидлашича, жиноятчиларга инсонлар каби муносабатда бўлиш, уларга қарши жазо чораларини юмшатиш жиноят содир этилишининг камайиши ва маҳбуслар сонининг қисқаришига олиб келган.

Шунингдек, маҳбуслар сонининг кескин камайгани Швеция Олий маҳкамаси томонидан кичик жиноятлар, безориликлар, ҳатто гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва сақлаганлик учун чиқарилган ҳукмлар нисбатан енгиллиги билан ҳам изоҳланади.

Шу билан бирга Швеция маҳкамаси Оврўпо мамлакатлари орасида энг оғир жиноятларга ҳам енгилроқ ҳукм чиқариши билан ажралиб туради.

Кўрсатилган натижаларга қарамасдан, Швеция қамоқхонада маҳбуслар сони камлиги бўйича дунёда унча ҳам олдинда эмас. Бу жиҳатдан Комор ороллари 900 минг аҳолисига 16 маҳбус келиши билан етакчилик қилади.