Бунақаси кам бўлади: Ҳижоблик супер-қаҳрамон пайдо бўлди

  • 9 Декабр 2013
  • изоҳлар

Унинг исми Қоҳира. Арабчадан ўгирганда “соҳибқирон” маънисини беради. Ҳижобли аёл боши билан адолатсизликка қарши курашади, ёмонларнинг додини беради.

Ҳа, “Catwoman”га ўхшаганлардан биттасидир-да, десангиз, бироз адашасиз. Чунки икковлоннинг бир-бирига ўхшамайдиган жиҳатлари талайгина.

Қоҳира - мисрлик ёшгина актриса қиз яратган ҳажвий образдаги супер-қаҳрамон бўлади.

“Ҳаммаси дугоналарим билан орамиздаги оддийгина ҳазил-ҳузулдан бошланди”, - дейди Дина Муҳаммад.

“Агар, таъбир жоиз бўлса, бу ўша пайтда ҳафсаламни пир қилган нарсаларга нисбатан ўзига хос жавобим эди”, - дея куларкан, “қанақадир супер-қаҳрамон бўлса қанийди, деган фикр бошимни тарк этмаганди”, - дейди Дина.

Бундан бир неча ой бурун Қоҳирасини интернетга жойларкан, Дина унинг бунчалик катта қизиқишга сабаб бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди.

Унинг веб саҳифасини ёқтирганларнинг сони ўтган уч ойнинг ўзида ярим миллион кишидан ортиб кетгани эса, бунга бир мисол каби.

Қоҳирага бўлган бунчалик катта қизиқишни кўриб, энди маҳаллий ноширлар ҳам унинг босма шаклини яратгин, дея Динанинг ҳол-жонига қўйишмаётган эмиш.

“Бу, худди бир телбаликка ўхшайди. Мен одамларнинг Қоҳирага бунчалик муккаларидан кетишларини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим”, - дейди 19 ёшли талаба қиз.

Аммо, Ғарбга тақлид қилишнинг ҳожати йўқ, деб ўйловчи кишилар орасида Қоҳирани ёқтирмаганлари ҳам оз эмас.

Дина эса, мен бундай одамларнинг фикрларига қўшилмайман, дейди.

“Ҳажвий образлар ва супер-қаҳрамонлар ғояси ҳаммамизни бирдек ўзига жалб этади. Ғарб матбуоти ўзига тортмайдиган одамлар ҳам орамизда кам бўлса керак. Шундай экан, Қоҳира буларнинг барчасига менинг ўзимга хос жавобим бўлса керак”, - дейди у.

Ҳижобда ва кучли

Дина ўз қаҳрамонига берган Миср пойтахтининг номи – Қоҳира арабчада “соҳибқирон” маъносини англатади.

Унинг айтишича, ҳижобда бўлган мусулмон аёлига ожиза деб қаровчиларга жавобан ўз қаҳрамонини Қоҳира каби қудратли ном билан аташга қарор қилган.

“Атрофимдаги шунча аёлнинг ҳижобда юришларига қарамай, уларни деярли ҳеч ким намоён этмайди. Шу боис ҳам, Қоҳирани ниқобга киритмаслик маънисизлик бўларди”, - дейди ўзи ҳам ҳижобда бўлган Дина.

Нуфузли “Ал-Азҳар” университети олимлари ҳижоб муслималар учун “Қуръони Карим”да нозил бўлганлигини айтишади.

Супер-қаҳрамонини айнан ҳижобли қилиб яратаркан, Дина барчасидан ҳам аввал Ғарб аудиториясини назарга тутгани ва шу боис ҳам, асардаги кўринишларни инглиз тилида битганини таъкидлайди.

“Мен шу йўл билан Ислом дини юракларига қўрқув солган барчага ўзига хос бир ишора бердим. Агар мен йўллаган мужда уларнинг қалбларига етиб борган бўлса, марра меники”, - дейди Дина.

“Чунки бундай инсонларнинг илк “зарбаси” энг аввало ҳижобда бўлган хотин-қизларга келиб тушади”.

Дина ўз супер-қаҳрамони ёрдамида Ғарбдаги муслима аёлни ожиза деб қаровчиларга ҳам қарши чиқади.

“Мана бу муслима аёлга қара”, - дейилади ғарблик феминист аёллардан бири акс эттирилган кўринишда.

“Синглим, бу жабру ситамни бошингдан ирғит”.

Аммо супер-қаҳрамон унинг бу даъватига ғазабнок муносабат билдиради.

“Сиз доимо бизни ерга уришга ҳаракат қиласиз. Менимча, ёрдамингизга муҳтожлигимиз йўқлигини англаб етмаётган кўринасиз”, - дея жавоб қилади у.

Кўчадаги тегажоқликлар

Сўнгги йилларда Миср кўчаларида хотин-қизларга қарши жинсий тегажоқликлар мисли кўрилмаган даражага етган.

Аксарият аёллар бу каби ҳолатлар қаршисида ожиз қолаётган бўлишса-да, Қоҳира ҳақида бундай дейиш янглиш бўлади.

Дина асарининг бутун бошли бир бўлимини худди шу саҳнага бағишлаган.

Қоҳира қора ниқобининг этакларини ҳилпиратиб, қўлида шамширини ўйнатганча, тажовузкорларни қийратади.

“Бундан кейин ҳам хотин-қизларга қўлингни теккизиб кўр-чи”, - дея кетидан уларни жиддий огоҳлантириб ҳам қўяди.

Сўнгги ўн йилликларда Мисрда ниқобга кирган хотин-қизларнинг сони кескин ортган.

Ҳозир пойтахт Қоҳира кўчаларида ҳижобсиз аёлларни деярли учратмайсиз.

Аммо, ҳатто, ҳижоблари ҳам муслималарни турли кўринишдаги тажовузлардан ҳимоя эта олмаган.

Бу каби ҳолларни ўзи ҳам бошидан ўтказган эса-да, Дина қолган диндошларини Қоҳирадек иш тутишдан қайтаради.

“Агар ёлғиз бўлмасангиз ва ён-атрофингизда сизни қўлловчилар бўлишса, уларни қувиб солишингиз мумкин. Акс ҳолда, уларга эътибор бермаган маъқул. Вазият жудаям мушкул ва айрим аёллар бу каби тегажоқликларга деярли ҳар куни тўқнаш келишади”.

'Аёлларга эҳтиром'

Дина ўз супер-қаҳрамонини яратаркан, 2011 йилги халқ қўзғолонидан буён Миср кўчаларида давом этаётган намойишларни ҳам кўзда тутганини айтади.

Унга кўра, ўша инқилобга ўз улушини қўшган хотин-қизларга бир эҳтиром сифатида ҳам бу ишга қўл урган.

“Ҳалиям эсимда, инқилоб пайти айрим сиёсий ҳаракатларни обрўсизлантириш учун аёлларга қарши ҳужумлар қайд этилган маълумотлардан фойдаланганлар ҳам бўлди. Ҳатто, ҳозир ҳам, ҳам маҳаллий ва ҳам ҳалқаро миқёсда бу каби ҳоллар давом этмоқда”.

"Одамлар бу ҳужжатлардан ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади. Бу рақамлар ортида аёлларнинг тақдири турганига эътибор ҳам қаратишмайди. Шунинг учун ҳам, мен сиёсату қудратли сиёсатчиларни бир четга суриб, ҳақиқий супер-қаҳрамонларга ўз ҳурматларимни бажо келтирмоқчи бўлдим”, - дейди Дина.