Украинада намойишчилар ҳукуматнинг муросага келишини кутмоқда

Image caption Намойишчилар орасида ҳукумат кучлари яна куч қўллаши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар пасайган, деб айтади Би-би-си мухбири.

Украина пойтахти Киевда юзлаб мухолифатчилар томонидан эгаллаб олинган Мустақиллик майдонига полиция кучлари жойлаштирилмоқда.

Бироқ, намойишчилар сони кечагидан кўра кескин қисқарган.

Кеча юз минглаб намойишчилар майдондаги Совет Иттифоқи асосчиси Ленин ҳайкалини ағдариб ташлашганди.

Намойишчилар ҳукуматдан истеъфога чиқишни, бошқатдан сайловлар ўтказишни ва Оврўпо Иттифоқи билан яқин алоқалар ўрнатишни талаб қилмоқда.

Президент Виктор Янукович эса Россия билан яқинроқ алоқалар ўрантилишини истайди.

Украинадаги Ўзбек мухолифати вакили Исмоил Дадажонов пойтахтдаги айни пайтдаги вазият ҳақида гапиради.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Киевдаги Мустақиллик майдонида намойишчилар орасида ҳукумат кучлари яна куч қўллаши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар пасайган, деб айтади Би-би-си мухбири ҳам.

Унинг айтишича, одамлар тинч, майдондаги намойишчиларга иссиқ чой ва ширинлик улашилган.

Олдинроқ ҳукуматнинг одамларга руҳан босим ўтказаётганига қарши "Удар" партияси раҳбари Виталий Кличко намойишчиларни марказий майдонга йиғилишга чақирган эди.

"Ҳукумат бизни қўрқитиб, руҳан босим ўтказмоқчи. Биз қанча кўп бўлсак, уларнинг режаси амалга ошмайди", деган Виталий Кличко тўпланганларга.

Овроиттифоқ президенти Мануэл Баррозу душанба куни Янукович билан телефон орқали сўзлашиб, уни тинч намойишчиларга қарши куч ишлатмасликка, озодликни ҳурмат қилишга чақирган. "Украина шу кунларда мураккаб вазиятни бошдан кечирмоқда. Украиналиклар тинч ва озод келажаклари ҳақида хавотирланмоқдалар", деган у.

Украина Президенти мамлакатнинг собиқ биринчи президенти Леонид Кравчукнинг умуммиллий музокаралар столи атрофига ўтириш таклифини қувватлаган.

Сешанба куни Украинанинг тўрт президенти Леонид Кравчук, Леонид Кучма, Виктор Юшенко ва Виктор Янукович мамлакат учун муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун йиғилишлари кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ