Нима учун олтиннинг қадри баланд?

  • 9 Декабр 2013

Инсоннинг олтинга муносабати таърифсиз. Кимёвий жиҳатдан қарасангиз, бу элемент у қадар қизиқарли хусусиятга ҳам эга эмас - бошқа кимёвий элементлар билан зўрға реакцияга киришади. Аммо, биз кимёвий элементлар даврий жадвалидаги 118 элемент ичидан олтинни валюта ўрнида танлаганмиз. Нима учун?

Нега осмий, хром, гелий, ёки, масалан, сиборгий эмас?

Бу саволни биринчи бор мен қўяётганим йўқ. Бироқ, савол мен учун жуда ўрнида - Британия музейида Америка тарихидаги олтин буюмлар кўргазмасида пайдо бўлди.

Мен у ерда UCL (University College London) - Лондон Коллеж университети профессори Андреа Селла билан учрашдим.

У столга кимёвий элементлар жадвали нусхасини ёяди ва ўнг тарафга диққат қаратади.

"Айрим элементларни осонгина рад этишимиз мумкин", дейди у.

"Масалан, инерт газлар ва галогенлар. Газ ҳеч қачон пул бирлиги вазифасини ўтай олмайди. Уни бир жойдан иккинчи жойга олиб юриш ҳам мақсадга мувофиқ деб бўлмайди, шундай эмасми?"

"Улар рангсиз экани ҳам ҳақиқат. Шундай экан, қўлингиздаги элемент аниқ нима эканини қандай билишингиз мумкин эди?"

Иккита суюқ модда (кундалик ҳарорат ва босимда) - меркурий ва бромний ҳам тўғри келмайди. Ҳар иккиси ҳам заҳарли, хуллас, улар ҳам валюта бўла олишмайди.

Рўйхатни яна бошқа қатор кимёвий элементлар билан бойитиш мумкин.

Селла эътиборини жадвалнинг чап томонига қаратади.

"Мана бу томондан ҳам аксар элементларни йўққа чиқаришимиз мумкин", дейди у ишонч билан.

Image caption Даврий жадвал

"Ишқорий металлар реакцияга ўта тез киришадилар. Буни кўплар мактаб йилларидаги тажрибалардан яхши эслашади. Натрий ёки калийни идишдаги сувда тез парчаланади, эсингизда бўлса, вишиллаб пуфакчалар отилиб чиқа бошлайди - портловчи валюта эса, энди мақсадга мувофиқ ғоя эмас".

Худди шундай эътирозлар яна бир қатор элементларга ҳам тегишли, масалан, радиоактивлар: нақд пулингиз сизга саратон ҳадя қилишини истамайсиз, албатта.

Торий, уран ва плутоний ё-да, резерфордий, сиборгий, унунпентий, эйнштейний каби барқарор бўлмаган, фақат лаборатория тажрибаси пайти яшовчи сунъий радиоактив кимёвий элементлар ҳам мақсадга мувофиқ эмас.

Даврий жадвалда "Камёб ер элементлари" деб номланувчи гуруҳ ҳам борки, уларнинг аксари олтиндан-да камёб.

Афсуски, уларни кимёвий жиҳатдан бир-бирларидан фарқлаш ўта мушкул, шундай экан, ҳамёнингизда аслида нима борлигини билишингиз қийин бўларди.

Хуллас, биз учун энди даврий жадвалнинг ўрта қатори қолди.

Бу ерда 49 та элемент, жумладан, баъзи таниш номлар - темир, алюмин, мис, қўрғошин, кумуш бор.

Бироқ, уларни синчиклаб ўрганаркансиз, қарийб барчасидан нуқсон топасиз.

Чап тарафда эса, титан, цирконий каби ўта қаттиқ ва чидамли элементларни кўрамиз. Муаммо шундаки, уларни рудасидан ажратиб олиш амримаҳол.

Бунинг учун, сиз печингизни 1, 000 даражагача қизитишингизга тўғри келади. Қадимги одамлар эса, бундай махсус ускунага эга бўлмаганлар.

Алюмин ҳам худди шундай ва танга ишлаб чиқариш учун у ўта мўрт.

Ушбу гуруҳдаги бошқа металларнинг кўпи ўз ҳолатида барқарор эмас - улар сувда занглайди ёки ҳавода оксидланади.

Темирни олинг. Назарий жиҳатдан у валюта бўлишга анчайин маъқул элемент бўлиб кўринади. У мафтункор, сиртини силлиқлаб, сайқал бериш мумкин.

Аммо, муаммо шундаки, агар темирни қуп-қуруқ сақламасангиз, занглаб кетади.

"Ўз қийматини ўзи пасайтирувчи валюта яхши ғоя эмаслиги аниқ", дейди Селла.

Муайян асосларга кўра биз қўрғошин ва мисни ҳам мақбул кўролмаймиз.

Қадимда ҳар икки металдан ҳам пул ясалган, бироқ бу тангалар ҳам узоққа бормаган.

Хўш, нима қолди?

118 та элементдан плутоний, палладий, родий, иридий, осмий ва рутений билан бир қаторда бизга таниш кумушу олтин қолди.

Улар барчаси қимматбаҳо металлар ҳисобланади. Чунки, улар бошқа элементлар билан реакцияга киришавермайдилар ва ўз ҳолатларини сақлаб тура олишади. Шу билан бирга улар анчайин камёб, нодир ҳисобланади, мазкур хусусият эса, валюта бўлиш учун муҳимдир.

Темир зангламаган тақдирда ҳам ундан пул сифатида фойдаланиш у қадар мақсадга мувофиқ бўлмасди, чунки темирни осонгина топиш мумкин. Сиз йирик ва оғир тангаларни кўтариб юришингизга тўғри келарди.

Олтину кумушдан ташқари, қолган қимматбаҳо металлар билан муаммо аксинча. Улар шу қадар ноёбки, тангалар ўта кичик қилиб ишлаб чиқарилган ва сиз уни осонгина йўқотиб қўйишингиз мумкин бўларди.

Уларни ҳам синдириш мушкул. Плутоний 1, 768 даража ҳароратда эрийди.

Хуллас, биз учун - кумуш ва олтин қолди.

Ҳар иккиси ҳам камёб, аммо у қадар топилиқсиз эмас. Икки метал ҳам нисбатан паст ҳароратда эрийди ва шунинг учун, улардан танга, ёмби ва ё зеб-зийнатлар ясаш осон.

Кумуш эса, хиралашади - у ҳаводаги олтингугурт билан реакцияга киришади. Бу эса, олтиннинг қийматини кумушга нисбатан янада оширади.

Олтиннинг ўз ҳолатини нисбатан сақлаб қолиш хусусияти ундан ясалган қоплонни, дейлик, 1, 000 йилдан кейин ҳам музей пештахтасидан айни ҳолатида топа олишингизга ишончингиз комил бўлишини англатади.

Валюта бўлиш учун қандай сифатлар лозим?

Аввало, ҳеч қандай ўзига хос хусусиятга эга бўлиши шарт эмас. Пулнинг қиймати юзасидан жамият қарор беради.

Юқорида айтилганидек, ўз асл ҳолатини сақлай олиши, ихчамлиги ва заҳарли эмаслиги муҳим.

Шу билан бирга бу элемент бир қадар камёб бўлиши лозим - дунё бўйлаб олтин миқдори қанчалар кам эканидан ҳайратга тушишингиз мумкин.

Аммо, ноёблик ва ўз асл ҳолатини сақлай билиш ҳаммаси эмас.

Олтиннинг валюталикка даъвосини оқлайдиган яна бир хусусияти бор. Олтин бу ...олтинранг.

Даврий жадвалдаги бошқа барча металлар, мис бундан истисно, кумушранг. Бироқ, мис юқорида тилга олганимиздек, занглаш, нам ҳавода яшил рангга кириш хусусиятига эга.

Бу жиҳатдан ҳам олтин ўзига ўта хос.

"Ана шу олтиннинг валюта ўлароқ муваффақияти яна бир сири", дейди Селла. "Олтин ақл бовар қилмайдиган даражада гўзал".

Бу мавзуда батафсилроқ