Нелсон Мандела мотам маросимидаги сохта таржимон текширилмоқда

Image caption Маросимда қатнашган қулоғи кар одамлар сурдотаржимон мавжуд бўлмаган белгиларни ишлатганлигини айтиб, уни товламачиликда айблашган.

Жанубий Африка собиқ президенти Нелсон Манделанинг мотам маросимида сурдотаржимоннинг маъносиз сохта ҳаракатлар қилгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бироқ маъносиз қўл ҳаракатлари қилганликда айбланаётган таржимоннинг ўзи ўша пайтда шизофрения (вос-вос) касали тутиб қолганини билдирган.

Маҳаллий газетага интервю берган Тамсанга Дянтий Обама нутқи пайтида "фақат овозни эшитган" ва унда галлюцинация ҳолати бошланган.

Маросимда қатнашган қулоғи кар одамлар таржимон мавжуд бўлмаган белгиларни ишлатганлигини айтиб, уни товламачиликда айблашган.

Маросимга кар-соқов тили таржимонини таклиф қилган агентлик ходими қаёққадир ғойиб бўлган.

Тамсанга Дянтийнинг журналистларга айтишича, у SA Interpreters ташкилотида катта таржимон бўлиб ишлаган.

Мотам маросими вақтида у саҳна олдидаги нутқ ирод қилувчилар , жумладан АҚШ Президенти Барак Обама, Нелсон Манделанинг неваралари олдида турган ва уларнинг гапларини таржима қилган.

Уни бутун дунёда кўришлари мумкин бўлган. Жанубий Африканинг ногиронлик бўйича вазир ўринбосари сўзларига кўра, бундай товламачи одамнинг Мандела маросимига қандай рухсат олгани текширилмоқда.

Дянтий ўзига қўйилаётган айбларни инкор қиларкан, маросим бошланганда мувозанатни йўқотиб, ноаниқ овозларни эшита бошлаганини таъкидлайди.

"Мен ҳеч нарса қила олмасдим. Мен жуда хавфли ҳолатда эдим", дейди у Йоханнесбургнинг рўзномасига.

"Мен кўпгина катта тадбирларда таржимонлик қилганман.

Мен ўзимни қўлга олмоқчи эдим, бутун дунёга нима бўлаётганини кўрсатмаслик учун ўзимни қўлга олмоқчи бўлдим. Лекин афсуски, уддалай олмадим".

Шу билан бирга у ўзининг ишидан қониққанлигини ҳам қўшимча қилиб ўтади.

Дянтийнинг мотам маросимидаги қилиғи Жанубий Африкадаги соқов-кар томошабинларнинг ғазабини келтирган, бу мавзудаги баҳслар тинмаяпти.

Парламентдаги биринчи кар-соқов депутат Вилма Ньюхоудт-Дрюхен "Бу таржимон саҳнада бемаъниликлар қилди. У қўл ҳаракатларидан хабарсиз. Уни йўқотинг илтимос, деб ёзди Твиттердаги саҳифасида.

Жанубий Африканинг бошқарувдаги партияси Африка Миллий Конгресси парламент билан бирга мотам маросимини ўтказишни зиммасига олган.

Дянтий аввал ҳам Африка Миллий Конгресси учун ишлаган. Илгари олинган видеокадрларда уни президент Якоб Зума олдида турганини кўриш мумкин.

Жанубий Африкадаги таржимонлар институтига кўра, Дянтийнинг таржимонлиги борасида илгари ҳам шикоятлар тушган, лекин ҳукмрон партия бунга эътибор қаратмаган.

Айни пайтда ҳукумат ушбу ҳодисани текшираётгани ва "имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқлари ва қадрлари албатта ҳимоя қилиниши"ни ваъда берган.

Бу мавзуда батафсилроқ