Деменсия ёки кексаликдаги ақлий заифликни тўхтатиш мумкинми?

  • 13 Декабр 2013
Image caption Деменция билан зарарланган миянинг кўриниши

Деменсия ёки Альцгеймерни кўпинча " ўз вақтини кутаётган дунё фожеаси" ҳамда ҳозирги авлоднинг асосий тиббий муаммоси бўлиши айтилади.

Ер юзида ҳар тўрт дақиқада қарилик ақлий заифлик ташхиси қўйилади. 2050 йилга бориб бу хасталик билан оғриганларнинг сони ҳозирги 44 миллиондан 135 миллионга чиқиши мумкин. Айни пайтда деменсияни даволашга жаҳон бўйича 604 миллиард доллар сарфланади.

Шу ҳафтада "Йирик саккизлик" мамлакатлари соғлиқни сақлаш вазирлари Лондонда учрашиб, аср балосига айланиб бораётган хасталикка қарши курашиш йўлларини муҳокама этишади.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон деменсия, кексалик ақлий заифликни тадқиқ этиш учун ажратиладиган маблағни оширишга ваъда берган.

Агар олимлар халта пул ва муҳим сиёсий дастак олди дейлик, улар бу хасталикка қарши курашда нима қилишлари мумкин?

Деменсия нима ўзи?

Бу бир қатор касалликларнинг умумий термини бўлиб, унда мия тўқималарининг ўлиши рўй беради. Касаллик мия тўқималарининг бир-бирига узвийлигини таъминлайдиган ацетилхолин моддасининг етишмаслигидан келиб чиқади.

Бунда беморларнинг 60 фоизида Альцгеймер кузатилади.

Касаллик вақт ўтиши билан кучайиб боради ва беморнинг бутунлай имконсизлигига олиб келади.

Унинг биринчи белгиси сифатида эслаш қобилияти бузилади. Кекса одам нафақат янги хабарни эслай олмайди, балки ўзида илгари мавжуд хабарларни ҳам эсдан чиқаради. У кеча, ундан олдин, ўтган йил нима бўлганини хотирасидан йўқотади. Беморлар кўпроқ болалик хотираларини ёдга ола бошлайдилар. Ўзларининг хотиралари билан вақтларни ўзгартириб юборадилар.

Деменсия бўлган хасталарнинг кундалик ҳаётлари ўзгаради, улар энди ўз-ўзларига хизмат қила олишмайди. Кийиниш, шахсий гигиенага риоя қилиш, овқатланиш қобилиятлари унутилади. Жамият тартиблари ўз аҳамиятини йўқотади. Охир оқибат бемор атрофдагиларга тўлиқ тобе бўлиб қолади.

Касаллик айни пайтда давосиздир.

Деменсия билан курашишнинг энг ҳал қилувчи нуқтаси уни бошланғич босқичида аниқлашдир.

Шифокор беморга деменсия билан хасталанганини айтганда, у дастлабда босқичдаман, деб ўйлаши мумкин. Лекин аслида ундай эмас.

Хотира билан боғлиқ муаммолар касаллик бошлангандан сўнг 10-15 йил ўтиб юзага чиқа бошлайди. Бу вақтга келиб асосий хотира марказларининг катта қисми аллақачон ишдан чиқади.

Шу боис, касаллик кеч босқичларига ўтганлигидан бемор қабул қиладиган дорилар етарли таъсир кўрсата олмай қўяди.

Лондондаги Миллий неврология ва нейрохирургия клиникаси профессори Ник Фокснинг фикрича, энг аввало касалликни эрта босқичида аниқлаб олиш лозим.

Бу соҳада баъзи бир натижалар ҳам йўқ эмас. Бироқ олинган натижаларни деменсияга қарши курашда ишлата билиш қийин кечмоқда.

Шунингдек, касаллик бошланганини кўрсатадиган қондаги кимёвий моддаларнинг таркибини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказиш зарур.

Деменсия бир қатор касалликларнинг умумий номи бўлсада, уларни даволаш йўллари бир-биридан фарқ қилади.

Олимлар касалликнинг турлари учун алоҳида даволаш усулини аниқлаб олишлари керак.

Мия тўқималари қуришини тўхтатиш

Ҳозирча бу касалликни тўхтатиш, ҳатто секинлатиш имконига эга дори кашф этилмаган.

Альцгеймерни даволаш учун яратилган соланезумаб ва бапинезумаб миянинг фаолиятини яхшилаш борасида кутилган натижаларни бера олгани йўқ.

Бироқ баъзи олимларга кўра, соланезумаб касалликнинг дастлабки босқичларида яхши таъсир кўрсата олади. Шунинг учун янги тадқиқотлар кексалик ақлий ноқислиги ҳали намоён бўлмаган шаклларида беморларни кузатишга қаратилади.

Қиролликнинг Альцгеймер касаллиги бўйича тадқиқот институти директори доктор Эрик Кэрранга кўра, дори таъсири кутилганидек бўлса, уни юрак хасталигида ишлатиладиган дори каби қўллаш мумкин.

Кэрраннинг айтишича, деменсияни тўлиқ даволаш келажакдаги орзу бўлса ҳам, уни ҳеч бўлмаганда секинлатиш бемор ҳаётини тубдан ўзгартира олади.

Дастлабки белгиларни даволаш

Деменсия ривожини секинлаштирадиган ягона дори воситаси мемантин бўлиб, у 2003 йил АҚШда ишлаб чиқилган.

Бошқа уринишлар ҳали натижа бермаган ёки етарли эмас.

Доктор Рональд Питерсен "Инфарктдан кейин даволаш воситалари таъсир кўрсатганидек, деменсия белгиларини ҳам даволайдиган ва касалликни секинлаштирадиган дори яратиш керак" деб айтган Би-би-сига.

Касалликка чалиниш хавфини камайтириш

Ўпка саратони бўлмасликнинг энг асосий шарти аввало чекмаслик. Инфарктдан қочиш учун соғлом ва фаол ҳаёт тарзи олиб бориш талаб қилинади. Кексалик ақлий заифликка чалинмаслик учун нима қилиш керак? Афсуски, бунга ҳали жавоб йўқ.

Ёш даражаси ҳам асосий факторлардан ҳисобланади. Британияда 95 ёшга етган ҳар учинчи киши деменсияга чалинади. Лекин ҳеч ким бунинг давосини билмайди.

Деменсия жамиятга жуда қимматга тушади. Тиббий харажатлар бу зарарнинг бир қисми холос.

Шу боисдан беморларга эътибор, уларнинг парвариши ва қувватлаш ҳам бу хасталикка чалинган инсонларни мумкин қадар узоқроқ мустақил бўлиб қолишига ёрдам беради.